ТОШКЕНТ, 9 июл — Sputnik. Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Тошкент саммити якунлари юзасидан хорижий мамлакатлар эксперт доираларининг вакиллари томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар келиши давом этмоқда, деб хабар қилмоқда "Жаҳон" АА.
Хабарда айтилишича, Қоҳира университети Осиё тадқиқотлари маркази директори ўринбосари Аҳад Тарабик минтақа давлатлари сиёсий ҳаётида ёрқин из қолдирган ушбу саммит юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирган.
Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти катта салоҳиятга эгадир. Иқтисодий йўналиш — савдо-сотиқ, юк ташиш, табиий ресурсларнинг улкан заҳираси ва малакали ишчи кучларининг мавжудлиги бу тузилманинг катта имкониятларга эга эканлигидан далолат беради.
Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов жуда тўғри таъкидлаганидек, ШҲТнинг Хартияси ва бошқа асосий ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилган очиқлик ҳамда ҳеч қандай блокка қўшилмаслик принципларига қатъий амал қилиш ва бундай ёндошувни янада мустаҳкамлаш ўта муҳим аҳамиятга эгадир.
Шу билан бирга, Ҳиндистон ва Покистон муносабатларида ихтилоф мавжуд эканлигини ҳам эътибордан соқит қилиб бўлмайди. Бироқ бу мамлакатлар ШҲТдек нуфузли ташкилотга аъзо давлат мақомини олиш йўлидаги мажбуриятларни қабул қилгани улар ўртасидаги кескинликка барҳам беришга, баҳсли масалаларнинг босқичма-босқич ҳал этилишига кўмаклашишига умид қиламиз.
Умуман олганда, кўриниб турганидек, ШҲТ ривожланаётган инфратузилмаси билан минтақавий интеграция ва кооперацияга хизмат қиладиган амалий воситага эга бўлган қудратли ташкилотга айланишда давом этмоқда", — дея ўз фикрларини баён қилган Аҳад Тарабик.