Ўликлар учун жанг: Хован қабристонидаги оммавий муштлашув кимга ва нимага керак бўлди?

© Sputnik / Максим Блинов / Медиабанкка ўтишМосква шаҳри Хован қабристонидаги оммавий муштлашув
Москва шаҳри Хован қабристонидаги оммавий муштлашув - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Москвадаги энг катта қабристонлардан бири бўлган – Хован қабристонини чирмаб олган қонуний ва ноқонуний бизнес ўтган ҳафта сўнггида энг катта инқирозни бошдан кечирди.

ТОШКЕНТ, 16 май — Sputnik. Бундай оммавий тўполонни биринчи бор кўришим. Ҳатто машъум тарихи билан машҳур 90-йилларда ҳам қабртошларни синдириш, қурол кўтариб югурган қутурган оломонни кўрмаганмиз, дейди воқеа гувоҳи бўлган қариялардан бири, РИА Новости.

Москвадаги Хован қабристонида оммавий муштлашув рўй берди. - Sputnik Ўзбекистон
Хован қабристонидаги оммавий муштлашув тафсилотлари

Орадан бир кун ўтиб, дафн маросими учун керакли ускуналарга эга кўпсонли павильон эгалари ҳамда уларнинг ёлланма ишчилари йўқотишларни ҳисоблаш билан шуғулланишмоқда.

Ўликлар учун жанг

"Бу ерда нима рўй берди ўзи?" — деган саволга, деярли ҳаммадан бир хил жавоб олдик. Фақат, ҳамма ўзига хос ҳиссиёт билан сўзлади, холос. Шанба кунги ҳодисаларга гувоҳ бўлган ва бугун турмуш ўртоғининг қабртошига шикаст етмаганига ишонч ҳосил қилиш учун қабристонга қадамранжида қилган кекса аёл бу саволга кўзда қўрқув билан жавоб қайтарган бўлса, гулчамбарлар сотадиган сотувчилар илтифот аралаш табассум қилишди. Атрофни ўраб олган полициячилар жавобидан — чарчоқни ва ҳушёр тортганликни илғаш мумкин эди.
— Бу ерда нима бўлди ўзи?
— Нима бўлди? Уруш бўлди.
— Уруш дейсизми? Чинакам урушми?
— Одамларни ўлдиришган экан, демак, чинакам.
Шанба куни, ҳодиса рўй берган жойдан илк кадрлар интернетда пайдо бўлганида, оммавий жанжал келиб чиқишига икки ҳолат сабаб бўлгани айтилган эди. Биринчи сабаб қилиб миллатчилик асосида юзага келган келишмовчилик кўрсатилди (чунки тўқнашувда бир томондан Тожикистон фуқаролари, иккинчи томондан эса — Шимолий Кавказ вакиллари қатнашишган эди).

Иккинчи версия — қабристонлар бизнесида етакчилик учун кураш — пойтахт ИИВ шаҳар бўлинмаси томонидан шу куннинг ўзидаёқ айтилган эди.

Янаям соддароқ қилиб айтганда, кимлар Москвадаги қабристонларга пуллик хизмат кўрсатишию, кимлар ана шу ишчилардан “товон” олишини бўлиб олиш зарурати туғилиб қолган.

Москвадаги Хован қабристонида оммавий муштлашув рўй берди. - Sputnik Ўзбекистон
Хован қабристонидаги оммавий муштлашув тафсилотлари
"Ҳаммаси пулни, деб бўлди. Бу ерда миллионта қабр бор. Уларнинг ҳаммасига парвариш керак. Ўлган инсонларнинг қариндошлари кўпинча бу ерга келиш имкониятига эга бўлмайдилар. Шундай экан, қабрлар ораста қилинган, супуриб-сидирилган ҳамда қиммат мармартош ўғирлаб кетилмаслиги учун улар пул тўлашга рози. Мурдани кўмиш учун яхшироқ жой олиш, қабрни марказроқда жойлаштириш ҳақида-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Бу қанча туришини биласизми? Бу каби масалаларни маъмуриятга қарашли одамлар ҳал этадилар. Лекин қабр атрофидаги панжарани тўғрилаб қўйиш, бўяш, ўтни юлиш, янги хоч ўрнатиш – буларни ҳаммаси пул туради”, — деб изоҳ беради шу ерда жойлашган дафн маросимлари учун керакли анжомларни сотадиган дўкон эгаларидан бири.

“Қабристон бизнеси”ни қўлга олган тожикистонликлар уларнинг ўрнини эгаллаб олмоқчи бўлган доғистонликлар билан жанг қилганлиги ростми, деган саволга кўпчилик жилмайиш билан жавоб қайтаради.

Ҳа, кўплаб расмий ва норасмий хабарларда худди шундай деб ёзилди, аммо… Ҳақиқатда, Хован қабристони – у ёки бу турдаги маблағ манбаини ўзаро тақсимлаб олган бутун бошли этник уюшмалар конгломерати ҳисобланади.

Мисол учун, қабристондаги асосий “қора иш”ни ҳақиқатан ҳам тожиклар бажаришади. Қабристондаги дўкон расталарида рус ва кавказ миллатига мансуб эркак ва аёлларни учратиш мумкин. Қабр устига қўйиладиган ёдгорлик ва мармартошларни асосан озарбайжонликлар назорат қилишади ва ҳоказо. Хуллас, “қабристон бизнесига” пойтахтда мавжуд бўлган диаспораларнинг барчаси жалб қилинган. Фақат грузинларни айтмаганда. “Уларнинг Москвадан манфаати бошқача”, — дейишди табассум билан.

"Бу ерда миллатчилик можароси ҳақида гап боргани йўқ. Гап халқаро можаро ҳақида кетяпти” – деди одамлар ва бир зум жиддий тортиб қолишди.

Ким қанча тўлайди?

"Албатта, ҳаммамиз ҳам “доля” берамиз. Аммо, бизга бўладиган нормал муносабатлар учун ақл бовар қиладиган улушни тўлаш бошқа. Яъни, посбонлар бизни қувмасликлари, мижозларга бизни тавсия этишлари, асбоб-ускуналарни қўядиган жой бўлиши, “облава”лар бўлмаслиги учун…

Аммо, аллақандай бегоналар келиб, “оёғинг синишини хоҳламасанг, бугундан бошлаб бизга тўлайсан, тўлаганда ҳам кўп тўлайсан”, дейдиган бўлса, ҳеч ким уларга бўйсунишни истамайди албатта”, — деб ҳикоя қилади қабристонда “ўзини ҳимоя қилган” ишчилардан бири.

"Улар эса, ёки тўлайсан, ёки бу ердан даф бўласан, бу ерга ўзимизнинг одамларимизни олиб келамиз, “ғинг” дейдиган бўлсаларинг, дўконингдаги товарларни чил-парчин қиламиз, қаршилик кўрсатганларнинг – оёқ қўлини синдирамиз, дейишади. Айтишларича, зоримизни Худога айтар эканмиз. Ҳеч ким барибир бизга ёрдам бермас экан. Улар, сизлар ҳаммаларинг бу ерда ноқонуний яшаяпсанлар, полиция ҳам сенларни айблаб, қамайди, дейишди”, — гапга аралашди иккинчи ишчи.

Оммавий муштлашув ва отишмадан сўнг қабристон ОМОН жангчилари томонидан қуршаб олинди - Sputnik Ўзбекистон
Хован қабристони учун бўлган отишмада 3 киши ҳалок бўлди, 23 киши жароҳатланди
Икки ишчининг сўзларига қараганда, ҳукумат томонидан билдирилган иккинчи версияда жон бор: рад жавобини олган “бегоналар”, энди урушга тайёр бўлинглар, деган очиқчасига.

"Бу ердагиларнинг ҳаммаси биларди. Икки ҳафта олдин ҳаммамизни огоҳлантиришганди: келиб калтаклашлари ҳақида. Биз, табиийки, полицияга, маъмуриятга хабар бердик. Раҳбарият келишуви асосида бизга ёрдам учун полициячиларни юборишди. ОМОНлар эди, шекилли, аниқ билмайман, хуллас форма кийган, қуролланган одамлар бизни қўриқлади”, — дейди суҳбатдош, елкасидаги лат еган жойини ишқалаб.

Натижада, ҳаммаси ўйлагандек бўлиб чиқди. Улкан ҳудудга эга қабристонга “усиление”даги полициячилар камлик қилди, улар ҳамма вақт бир жойда туролмасди ҳам. Бир неча кун давомида полициячилар машинаси яқин атрофда навбатчилик қилди. Аммо, шанба куни тушга яқин, худди аксига олгандек полициячилар қаёққадир кетиб қолишган эди.

Полициячилар кетидан “бегона одамлар” кузатганми, ёки шу ердагилардан кимдир хабар қилганми – энди аниқлашнинг имкони йўқ, аммо полициячиларнинг кетишини кутишганлари рост. Орадан бир қанча вақт ўтиб, худди қўмондондан буйруқ олган аскарлар каби, кавказча ташқи кўринишга эга эркаклар югуриб кела бошладилар. Улар таёқлар ва арматура бўлаклари билан қуролланган эди. “Бегоналар” ўз ниятига қандай бўлмасин бўлмасин, эришишни мақсад қилиб олишгани аён бўлди…

“Хованчилар”

"Ҳозир кўпчилик қабристон маъмуриятининг иши бу, деган фикрга келган. Чунки ҳужум қилинган вақтда маъмурият шу ерда бўлган, қандай қилиб одамларни калтаклашаётганини тўсиқ ортидан туриб кузатиб туришган. Ҳатто, аралашишмаган ҳам”, — дейди дафн-маросими учун керакли анжомлар савдоси билан шуғулланувчи савдо дўконида ишлайдиган аёллардан бири.

— Полициячи? – савол ташлашди қизиқиб атрофдагилар.

— Нима полиция? Улар етиб келишганида, бу ер ағдар-тўнтар бўлиб бўлганди. Ҳовли тошларга тўлган, бутун қабристон бўйлаб отишма рўй берган. Бегоналар тўрт киши бўлиб келди, бу ерда эса уларни қўлида арматура билан ўттиз киши кутиб олди. Ичкарига қараб югуриб кетишди, уларни ҳеч ким қувлаб ўтирмади. Агар қувлаб боришганида, у ёқда улар полициячиларни ҳам ўлдиришлари тайин эди. Бу ерга битта эмас, ўнта машина юборилиши керак эди.

Аёлнинг сўзларига қараганда, ОМОНчилар автобуси ва полициячилар етиб келгач, дарҳол муштлашаётганларни ушлашга тушмаган. Аввалига қабристон орқали ўтадиган барча йўлларни ёпишган, кириш-чиқиш жойларига одамларни қўйиб, зиёратга келган одамларни уй-уйларига тарқатганлар. Шундан сўнг катта-катта гуруҳ бўлиб ҳудудга киришган ва кўп ўтмай қўлга тушганларни олиб чиқа бошлаганлар.

Гувоҳларнинг сўзларига қараганда, полициячилар қўлига асосан ўзини ҳужум қилганлардан ўзини курак, таёқ ва тошлар билан ҳимоя қилган қора ишчилар — тожиклар тушган.

"Ўғлим шу ерда асбоб-ускуналарни тахлаётган бўлган. У Россияда меҳнат қилиш ҳуқуқини берувчи барча ҳужжатларга эга. Аммо, полициячилар ўғлимнинг қўлидаги паншахани кўриб, қолганлар билан бирга олиб кетган. Уни қўйиб юборишларини кун бўйи кутдим”, — дея ҳикоя қилади қари тожик чол.

Гувоҳларнинг айтишига қараганда, ҳужум қилганларнинг аксарияти полициячилар қўлга олишни бошламасдан қуролларни атрофга улоқтирган. Одамлар сал кейин қабристон атрофидаги канал ёқасидан пичоқлар ва арматура бўлакларини топишган. Бу ашёвий далилларни топиш учун полиция ходимлари шанба куни атрофни титиб чиқишган, камуфляж кийган одамлар ва терговчиларни қабрлар орасида якшанба куни ҳам учратиш мумкин эди.

Қурол ва пролетариат

Гувоҳларнинг ҳикоя қилишларига қараганда, асосан тожикларни ва қўлида ишчи инструмент бўлган дуч келган одамларни дўппослашган. Ҳужум қилганлар қабристон ишчисини кўрдими, унинг ёнида ким бўлишидан қатъий назар (ишчини ёллаган қари чол ёки кампир бўлишидан қатъий назар) одамларнинг кўз ўнгида уни калтаклаган. Аралашмоқчи бўлганлар ҳам калтакланган.

Москва шаҳар Хован қабристонидаги оммавий муштлашув - Sputnik Ўзбекистон
Хован қабристонидаги муштлашув иштирокчиларини депортация кутяпти

"Ана кўряпсизми, қизалоқ турибди, исми Вика, у ҳам ўша куни қабристонда ишлаётган бўлган. Мижозлар қиздан тўсиқни бўяб беришни илтимос қилишган. Қиз бечорани шунақа дўппослашганки, у ҳозир оқсаб қолган, оёғида чандиқ қолди. “Агар яшашни хоҳласанг, бу ердан йўқол”, деб бақиришган унга”, — дея ҳикоя қилади қабристонда ишлайдиган аёллардан бири.

"Йўлда учраган борки, калтакланган. Ҳар томондан бостириб келиб, сиқувга олиб. Аёвсиз калтаклашган. Ҳужум қилганлар бита ва арматура билан қуролланган бўлган, бизникилар эса тош ва белкурак билан. Ўлик тананинг бири қабристоннинг шимолий қисмидан топилган”, — деб сўзлаб берди қабристондаги ишчилардан бири.

Қурбонлар сони

Муштлашув натижасида бўлган бўлган қурбонлар, қўлга олинганлар ва жароҳатланганлар сони ҳақидаги маълумотга томонларнинг ҳеч бири ишонмаяпти, чоғи. Ҳаттоки, ҳодиса жойида иш олиб бораётган муҳофаза органлари ходимлари ҳам.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари воқеа жойига етиб борган журналистларни ичкарига қўймаганини эътибордан четда қолмайдиган эпизодга киритиш мумкин.

Воқеа содир бўлган кунда иккита қурбон ҳақида маълумот берилди. Расмий маълумотларга кўра, муштлашув оқибатида, жами уч киши ҳалок бўлган. Журналистлар томонидан кечадан бери бу рақамлар ўзгармадими, деган савол берилди, албатта.

— Сизлар нечта дейилди, учтами? Демак, уч киши ҳалок бўлган.

Икки юз нафар иштирокчидан 120 нафари қўлга олинди, деган маълумот тўғрими, деган савол ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари орасида табассум билан кутиб олинди, дейиш мумкин.

Аммо бу саволга изоҳ беришни ҳеч ким истамади, тегишли ташкилотлар матбуот-хизматига мурожаат этишни тавсия қилишди.

Бир гувоҳнинг сўзларига қараганда, ўликлар сони камида беш кишини ташкил қилиши керак. Чунки, унинг ўзи автомобил билан қилинган ҳужум оқибатида икки кишининг ҳалок бўлганига гувоҳ бўлган. Гувоҳнинг айтишича, агар реал маълумотлар расман эълон қилинган хабарлардан фарқ қилса, у ҳолда бу рақамларни яширишдан ҳожат йўқ. “Мен кўрган ўликлардан бирини олдин бошини ёриб, ярадор қилиб, кейин устидан машина билан босиб ўтишган”, — дейди гувоҳ.

Оммавий муштлашув ва отишмадан сўнг қабристон ОМОН жангчилари томонидан қуршаб олинди - Sputnik Ўзбекистон
Хован қабристони учун бўлган отишмада 3 киши ҳалок бўлди, 23 киши жароҳатланди

Аммо кўнгилсизликлар шу билан тугади, дегани эмас.

"Тожикистонлик танишларим орасида йигирма киши дом-дараксиз йўқ. Яқинлари улар билан алоқага чиқишолмаяпти. Полициячилар ҳам уларни олиб кетмагани маълум бўлди, телефон қўнғироқларига жавоб беришмаяпти – телефонлари ўчирилган. Бирортаси шу пайтгача яқинлари билан алоқага чиқмаган. Балки улар, энди бизни айбдор қилишади, Россиядан қувиб солишади, деб ўйлаб, бирор жойда бекиниб ётишгандир. Балки бундан ёмонроқ воқеа бўлгандир, ҳеч ким билмайди”, — дейди суҳбатдош.

Қайғули келажак

Қабристон бизнеси билан боғлиқ ушбу воқеа нима билан тугайди, деган саволга ишчилар ва бизнесменлардан турфа жавоб олдик. Кимдир ҳазил аралаш жавоб қилган бўлса, бошқа бирлари худди аввалгидек ишлашда давом этишларини айтишди. Содир бўлган ҳодиса яхшиликдан далолат эмас, деб ҳисоблайдиганлари ҳам йўқ эмас.

"Ахир сиз ҳаммаси шу билан тугайди, деб ўйламайсизку, тўғрими? Бизни ҳеч ким қўриқламоқчи эмас. Полициячилардан иборат бутун бошли полк билан ҳам қабристонни ўраб олишнинг имкони йўқ. Шундай экан, орқа-олдинга олазарак қараб, ишлашда давом этамиз”, — деди ўзини Роман деб таништирган қабристон ишчиси.

Романнинг айтишича, ҳозирда қабристон маъмуриятини қароқчи-рейдерлар билан боғлиқ ҳодиса хотимасидан кўра, давлат органлари кўпроқ ташвишга солмоқда. Эълон қилинган рейд ва текширувлардан билиш мумкинки, “ҳамма ишчиларни текширувга чақиртириб” югуртиришади, тинч ишлашга қўймайдилар. Ҳаттоки, одамлардан шикоят тушмаган мигрантларни ҳам ушлаб, ҳибсга олишлари ёки уйларига жўнатиб юборишлари мумкин.

"Нима уларнинг ўрнига яхши одамлар келади, дейсизми? Йўқ, мана шу урушни келтириб чиқарганлар келади, холос. Улар ҳалол меҳнат нелигини билишмайди, шу ерда савдо қилаётган ёки оддий ишлар билан шуғулланадиган одамларнинг пулларини тортиб олишади, бу аниқ. Бундай бандитларга пул бериш учун эса нархни ошириш керак. Бу дегани, демак, барча мижозлар, бутун Москва пул тўлайди, уларга. Агар бизни қувиб солишса, бу бандитлар ғалаба қозонганини англатади”, — деди тожикистонлик нолегал ишчилардан бири.

Янгиликлар лентаси
0