ТОШКЕНТ, 9 апр — Sputnik. Арбитр сифатида қаттиққўл ва совуққон Эрматов билан ўтган учрашув бу инсон ҳақидаги тасаввуримни пучга чиқарди. Камтар ва зиёли, ҳатто ўз машҳурлигидан бир оз ҳижолат сезадиган Эрматов интервью давомида мен ҳақимда кўп ёзманг, мен шунчаки оддий ҳакамман, деган гапни бир неча бор такрорлади.
Иш тамойили
— Қизиқ факт: Google қидирув тизимида одамлар сизнинг қанча маош олишингизга ва таржимаи ҳолингизга доир саволлар билан кўп мурожаат этишган. Нима деб ўйлайсиз, нима учун одамлар қанча маош олишингизга қизиқишади?
— Мен ҳеч қачон, ҳеч қаерда оладиган маошим миқдори ҳақида эълон қилмаганман. Маошим миқдори ҳақида ёзилган маълумотларнинг барчаси уйдирма, сабаби, шартнома шарти бўйича мен оладиган гонорарим миқдорини ошкор қилишга ҳақли эмасман. Берган ваъдам устида туришга ҳаракат қиламан.
Баъзан, шунча маълумотларга кўзим тушса, одамлар фантазиясига тан бераман. Лекин ҳамма ҳар хил. Мисол учун шахсан мен ҳеч қачон ҳеч кимдан у қанча маош олиши ҳақида қизиқмайман. Ҳаётимда ҳеч кимга бундай савол бермаганман.
— 2003 йилда ФИФА раҳбарлигида учрашувларга реферилик қилдингиз. Ўшанда 25 ёшда эдингиз. Ўшанда қандай кечинмаларни бошдан ўтказгансиз?
— Илк маротаба ҳакамлар қаторига қўшилганимда ФИФА рефериси бўлиш ҳақида орзу қилганман. Ким қандай ҳакамлик қилишини кузатганман. Орзуимга эришгач, халқаро тажрибани ўргана бошладим. Ўшанда Пьер Луиджи Коллин, Маркус Мерк исмлари тилларда достон бўлган эди. 2002 йилда ўтган жаҳон чемпионатида мен ўз-ўзимга улар каби бўла оламанми-йўқми, дея савол берганман.
Айнан ўша вақтда, ҳеч бўлмаса бир кун, битта учрашувни улар даражасида ўтказиш мақсади пайдо бўлган эди. Омадим чопди, ФИФАдан рўйҳатдан ўтганимнинг биринчи йилида мени Финляндияга юборишди, ёшлар ўртасида ўтаётган жаҳон чемпионатига ҳамкамлик қилишим учун. Одатда бундай бўлмайди.
У ёққа борганимда, муаййян топшириқлар қўйилмаганди, шунда ўзим учун ФИФА масалалари ва талабларини ўрганишни режалаштирдим. Биз энг олд халқаро инструкторлар билан бир ой давомида биргаликда ишладик, ўшандагина ҳакам ким, у нимани ўрганиши керак, нима устида мунтазам ишлаши керак, ҳаммасини тушуниб етдим. Кейинги тўрт йил эса мен учун ҳақиқий синовга айланди. Мен 40дан ортиқ халқаро учрашувлар ўтказдим, шунингдек, эндигина ишни бошлаётган ҳамкасбларим учун бир неча семинарлар ташкил қилдим. Шундан кейин мени биринчи марта 2010 йилда ўтадиган жаҳон чемпионати учун номзод ҳакамлар рўйҳатига киритишди, ўшанда ич-ичимни тўлдириб юборган ҳис-туйғуларимни ҳалигача эслайман.
— Сиз бир сафар "ҳакам — бу ансамбл дирижёри, агар у футболни тушунмаса, ўйин муҳитини ҳис қилмаса, майдонда ўйнаётган футболчиларни ўрганмаса, — бу муваффақиятсизликка олиб келади”, дегансиз. Ҳар бир алоҳида ўйин учун қандай тайёргарлик кўрасиз? 22 та шахсни алоҳида ўрганиб чиқасизми?
— Биласизми, қоидалар ҳамма ўйин учун бир хилдек гўё. Аммо амалда эса, қоидалар ўйиннинг турли ҳолатларида турлича натижа бериши мумкин. Ҳакам ўйинни нозик ҳис қила олиши, ва шунга зарурат туғилган экан, ўйин нормал ўзанда кечиши учун ягона тўғри қарорни қабул қила билиши керак.
Агар маълум бир пайтда сиз қонунга бўйсуниб қарор қабул қилсангиз, ва бу қарорингиз ўйин руҳига мос тушмаса, унда ҳаммаси ўзгариб кетиши эҳтимоли кучли. Кўпинча бу ўзгаришлар яхши томонга бўлмайди.
Мен ўйин арафасида, ҳар бир футболчини ўрганиб чиқаман, улар тўғрисида маълумотлар излайман, улар иштирокидаги учрашувларни томоша қиламан. Шундай ўйинчилар борки, ўйин бошидан ҳакамга ҳалал беришни бошлашади, унинг ҳар бир қарорига қарши фикр билдириб, ўз норозилигини намойиш этадилар. Ҳар бир жамоада шундай футболчи бўлади. Аммо уларга ҳам мос “калит”ни топиш мумкин.Ўша калитни топиб, ўйинчига ўз қароримни етказиш ва уни иттифоқдошимга айлантириш — менинг вазифам. Бу ўйин давомида бўладиган ҳолат, шунчаки ўша вақтнинг ўзида кимга нима дейишингиз лозимлигини ҳис қиласиз.
— Сизнинг карьерангизда ҳам мана шундай зиддиятли пайтлар бўлганми?
— Албатта, бўлган. Мисол учун, 2010 йилда ЖАРда ўтган Жаҳон чемпионатида мен Аргентина ва Миср учрашувига хизмат кўрсатганман. Аргентиналиклар таркибида арбитрлар учун чинакам "траблмейкер" (футбол хулигани, таҳр.)— Хуан Себастьян Верон бор эди. У менинг ҳар бир қароримга ўз изоҳини айтар, майдонда имо-ишоралар билан мен чиқарган қарорлардан норозилигини кўрсатар эди. Футболчи шунақа қизиққон бўлса нима ҳам қила оламиз, балки майдондан ташқарида сахийдир, лекин ўйинда чинакам “зажигалка”.
Бу ерда вазиятга тўғри баҳо бериш жуда муҳим, агар мана шундай ҳар бир норозилик учун қоидада белгилангандек сариқ карточка кўрсатилаверса, ўйин охирига келиб майдонда ҳакамнинг битта ўзи қолади. Шу боис, яхши ҳакам майдонда ҳамиша менежмент билан шуғулланади, футболчилар унга ишона бошлашлари учун.
Нима учун футболистлар кўпдан кўп ҳолларда ўз норозиликларини билдириб чиқадилар? Бу футбол, футбол эса – ҳис-туйғу демакдир. Менимча, ўша ўйинчи ҳакамни яхши билмайди, демакки, унга, у чиқараётган қарорларга ишонмайди. Ўйин бошланишидаги биринчи 15 дақиқа ҳакам учун жуда муҳим. Агар шу вақтда у футболчилар билан “контактга” киришса, улар билан уларнинг тилида гаплаша олса, демакки ҳаммаси яхши бўлади.
— Учрашув тугади, ундан кейинчи?
— Мен учун ҳар бир ўйин — бу янги чақириқ, ўзига хос имтиҳон. Шу боис, ҳар бир учрашувдан сўнг ўйинни таҳлил қиламан. Чунки, учрашув давомида майдонда ҳис-туйғуларга берилиб, вазиятни бошқача кўрган бўлишингиз мумкин, ўйинни қайта томоша қилгач эса – умуман бошқа кўриниш пайдо бўлади. Бундан ташқари, майдонда ўнлаб камералар ишлайди, ракурслар хилма-хил, мен эса бир жуфт кўз, битта ракурсга эгаман, шу боис, ҳамиша ҳамма жойда улгуриб, тўғри позицияни топиб, бир сония ичида тўғри қарор қабул қилишим керак.
Кейинчалик ўйинни қайта кўриб, таҳлил қилиш давомида менинг позициям ўйиннинг қайси ҳолатига жуда мос тушган бўлиши мумкинлигини англайман. Мана шу таҳлил кейинги ўйинларда бугун йўл қўйган хатоларимни эртага такрорламасликка имкон беради.
— Ҳакам иши жуда мураккаб, у ҳамиша танқидчилар нишонида туради. Майдондаги хатоларингиз, ОАВ ва экспертлар томонидан бўладиган босимни қандай енгасиз?
— Инсон ҳамиша ўз-ўзига танқидий кўз билан қараши керак, деб ҳисоблайман. Ҳаттоки, атрофингиздагилар сиздан мамнун бўлишган тақдирда ҳам. Мисол учун мен майдондаги ишимдан камдан-кам ҳолатларда мамнун бўламан. Ичимда ҳамиша: мен бундан ҳам яхшироқ қила олишим мумкин эди, деган бир фикр ётади.
— Ҳаётда илоҳий бир куч сизни бошқараётганини ҳис қиласизми?
— Менимча, бусиз бўлмаса керак. Ўзингизни аямай, юз фоиз берилиб ишласангиз, Аллоҳ бу уринишларингизни кўриб, ҳамиша тўғри йўлга бошқаради, омадингизни беради. Инсон ўзига ишониши керак, ҳакамни фақат манманлик муаммоларга рўбаро қилиши мумкин.
— Омад бошингизни айлантириб қўймадими, деб кўп сўрашадими?
— Жавобимни биласиз. Бу борада ҳаммаси жойида (кулади).
— Ҳа, аммо атрофингиздагилар сиз ҳақингизда тинмай афсона-одам, деб гапириб турган бир пайтда қандай қилиб машҳурлик касалига чалинмасликни уддалай олаяпсиз?
— Оёғим ҳеч қачон ердан узилмайди. Қилаётган ишимдан роҳат оламан. Кайфиятим чоғ бўлади. Лекин ўзимни устун қўйманман ҳеч қачон. Одамлар кўпинча арзимаган нарсадан шов-шув чиқаришади.
— Табиатан мана шундай камтармисиз?
— Борим шу. Ўзимни ҳамиша табиий тутаман. Ҳаммаси тарбияга боғлиқ. Ўзбекларда ажойиб бир мақол бор: "Қуш инида кўрганини қилади". Оиламизда ҳамиша ҳамма нарса камтарона бўлган. Дадамлар жуда интизомли инсон. Шу нарсани биздан ҳам талаб қилганлар.
— Интизом ҳақида гапирдингиз, демак, тонг саҳар 6да турасиз ва фақат соғлом озиқ-овқатни тановвул қиларкансизда?
— Йўқ, 6 да турмайман. Ҳаммаси табиий тартибда кечади. Овқат борасида ҳам худди шундай. Ўзбек ошхонаси – дунё бўйича энг зўр ошхона. Чет мамлакатларига чиққан сари шу фикр қанчалик тўғрилигига амин бўляпман. Яқинда бир хулосани ўзим учун кашф қилдим, ўзбекистонликлар чет элга чиқишса, ўзга юрт ошхонасига узоқ вақт давомида кўникишга мажбур бўлади. Чет элликлар эса, Ўзбекистонга ташриф буюрганларида, паловхонтўра борми, бошқа миллий таомларимиз борми, зўр иштаҳа билан тановвул қиладилар.
— Бу йил оилангиз билан қаерда дам оласиз?
— Мен учун хавфсизлик муҳим. Энг хавфсиз жой эса – Ўзбекистон. Она юртимда бутун оилам билан дам олишим мумкин бўлган жойлар жуда кўп.
ФИФАдаги коррупция билан боғлиқ можаро
— ФИФАдаги сўнгги порахўрлик билан боғлиқ можаролардан сўнг футболга нисбатан фикрингиз ўзгардими? Умуман, бу борада қандай фикрдасиз?
— Мен ўз ишимни бажараман. Менинг йўналишим бошқа. Майдонда ўз ишимни бажараман. Бу можаролар мендан йироқ. Нималар бўлганидан бехабарман. Бу можаролар ҳақида фақат ОАВлар орқали хабардор бўлганман.
— ФИФАнинг янги раҳбари Жанни Инфантино билан танишмисиз? Унинг ФИФАда ислоҳот ўтказиш дастурини қандай баҳолайсиз?
— Ҳа, мен у билан Дубайда танишганман, жаҳоннинг энг яхши рефериси унвонини олаётганимда. Унинг интервьюсини, ФИФА келажагини қандай кўришини тингладим. У менинг наздимда собитқадам, яхши томонга ўзгаришлар қилишга қодир инсондек туюлди. У ҳақида фақат ижобий фикрдаман.
— Футболчилар билан дўст тутинганмисиз? Умуман, ҳакамлар ва футболчилар ўртасида дўстлик бўлиши мумкинми?
— Албатта. Нимага бўлмасин? Майдондан ташқарида дўстмиз. Футболчилар орасида дўстларим кўп. Ммо ўйин вақтида, биз профессионаллармиз, ва ҳар биримиз ўз ишимизни бажарамиз. Исмларини айтиб ўтирмайман, бирини айтсам, иккинчиси хафа бўлиб қолишини хоҳламайман.
— Дунёнинг энг яхши рефериси унвони сиз учун нимани англатади?
— Бу менга эмас, балки аввало, устозларимга ва ота-онамга берилган унвон. Улар ҳамма нарсани тўғри қилишган, шу туфайли мен шу ютуққа эришдим. Мен фақатгина уларга қулоқ тутиб, уларнинг айтганларини бажаришга ҳаракат қилганман.
Яна бу вазиятга бошқа томондан қараб кўринг. Бугунги кунда Ўзбекистонда спортчилар шуғулланиб, натижаларга эришишлари учун барча шарт-шароитлар ва инфратузилмалар яратилган. Барпо этилган замонавий майдонларимиз билан фахрлансак арзийди! Агар шу йиллар мобайнида амалга оширилган ишларни, давлат бизга қанчадан-қанча маблағ тикканини инобатга оладиган бўлсак, биз спортчилар учун бор кучимиз билан шуғулланиб, натижа келтирмаслик — уят.
— Интервьюларингизнинг бирида 2018-йилги Жаҳон чемпионатида қатнашишни орзу қилишингиз ҳақида гапиргансиз?
— Ҳа. Ҳозирда менинг ҳакамлигим остидаги бригада ушбу чемпионатга даъвогарлардан бири ҳисобланади. Йўлланмани қўлга киритишимиз учун жуда сермаҳсул ишларни бажаришимиз керак. Агар шундай бўлса, Аллоҳ насиб қилса, мен албатта дадамларни ўзим билан оламан. У киши анчадан бери Жаҳон чемпионатида бўлишни орзу қиладилар. Бразилия ва Афқрикада ўтган Жаҳон чемпионатларига, афсуски, дадамларни ўзим билан олиб бора олмаганман.