ТОШКЕНТ, 3 янв — Sputnik. 2015 йил 31 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Равшан Эрматовни “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотлаш тўғрисида фармони эълон қилинди, Газета.uz хабарига кўра.
“Мамлакатимизнинг спорт соҳасидаги шон-шуҳратини юксалтириш, халқаро майдонда ўзбек футболи нуфузини ошириш, миллий футбол ҳакамлари мактабини ривожлантириш борасидаги катта хизматлари ҳамда ёш авлодни она-Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси учун Ўзбекистон футбол федерациясининг халқаро тоифадаги ҳаками, ФИФА рефериси Равшан Сайфиддинович Ирматов “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотлансин”, дейилади фармонда.