ТОШКЕНТ, 10 мар — Sputnik. Москвада ваҳшийларча қотиллик содир этганликда айбланаётган ўзбекистонлик Гулчеҳра Бобоқулова Москва шаҳридаги маҳбусларни вақтинча сақлаш (СИЗО-2) изоляторининг руҳий хасталар сақланадиган бўлимига жойлаштиришди, деб хабар берилди Москва шаҳар ҳуқуқни муҳофаза қилиш бўлими органида.
Эслатиб ўтамиз, 29-феврал куни Москва шаҳри “Октябрское поле” метроси станциясида қўлида ёш бола бошини ушлаб олган аёл қўлга олинди. Гувоҳларнинг сўзларига қараганда, аёл “Аллоҳу акбар!” деб бақириб, атрофдагиларни ҳозир ўзини портлатиб юбориши билан қўрқитган. Шу боис унинг ёнига боришга ҳеч ким журъат этмаган.
Орадан узоқ вақт ўтмай, аёл полиция ходимлари томонидан қўлга олинган. Метро атрофида портловчи модда аниқланмаган.
Маълум бўлишича, 1977 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси Гулчеҳра Бобоқулова Москва шаҳридаги Народное ополчение кўчасидаги кўпқаватли уйларнинг бирида истиқомат қилувчи оилада энага бўлиб ишлаган.
Тахминларга кўра, аёл қизчанинг ота-онаси уйдан чиқиб кетишларини кутган ва шундан сўнг қизчани ўлдириб, квартирага ўт қўйган ва телбанамо аҳволда кўчага чиқиб кетган. Ёнғин ўчирилгач, қизалоқнинг бошсиз танаси аниқланган(илк экспертиза хулосаларига кўра, қизалоқ аввал бўғиб ўлдирилган ва шундан сўнг боши танасидан жудо қилинган бўлиши ҳам мумкин).
Ўзбекистон ИИВ матбуот-хизматига қўнғироқ қилганимизда, Москва шаҳрида ўзбекистонлик аёл томонидан содир этилган мудҳиш жиноят ҳақида Россия интернет ресурслари орқали хабардор бўлишгани ҳақида маълум қилишди. Жиноятда айбланаётган аёл билан боғлиқ саволларга изоҳ беришмади.