ТОШКЕНТ, 2 мар — Sputnik. “Матбуот соҳасида ишлаганимиз учун Москвада содир этилган жиноят ҳақида биринчилардан бўлиб хабар топдик ва ларзага келдик. Аммо, бизни жиноят содир этган аёл тақдири эмас, балки, Россияда ишлаб юрган ўзбеклар тақдири кўпроқ ўйлантирди. Бу жиноят Ўзбекистонда яшаб, меҳнат қилаётган мигрантлар тақдирига салбий таъсир кўрсатиши мумкин, деган хаёлга бордик", деди журналист.
Ўзбекистонлик ОАВ ходими фикрига кўра, Бобоқулова бу мудҳиш жиноятга шунчаки қўл урмаган. "Ақли-хуши жойида бўлган, аёл, айниқса, ўзбек аёли бу каби қабиҳлик — жажжи болани ваҳшийларча ўлдиришга қўл урмайди. Фикримизча, жиноятчи кучли руҳий ўзгаришни келтириб чиқирадиган наркотик модда истеъмол қилган бўлиши мумкин ёки… Нима бўлган тақдирда ҳам, фарзанди бор аёл бундай мудҳишликка қўл уриши мумкин эмас!
Биз, Россия ҳуқуқ-тартибот органлари ушбу жиноят юзасидан тергов ишларини синчковлик билан олиб боришларини хоҳлаймиз. Қотилликни амалга оширишдан мақсад нима бўлган? Бунинг тагига, албатта, етиш керак. Житноятчи эса — жазога лойиқ”, — деди матбуот вакили.
Эслатиб ўтамиз, 29-феврал куни Москва шаҳри “Октябрское поле” метроси станциясида қўлида ёш бола бошини ушлаб олган аёл қўлга олинди. Гувоҳларнинг сўзларига қараганда, аёл “Аллоҳу акбар!” деб бақириб, атрофдагиларни ҳозир ўзини портлатиб юбориши билан қўрқитган. Шу боис унинг ёнига боришга ҳеч ким журъат этмаган.
Орадан узоқ вақт ўтмай, аёл полиция ходимлари томонидан қўлга олинган. Метро атрофида портловчи модда аниқланмаган.
Маълум бўлишича, 1977 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси Гулчеҳра Бобоқулова Москва шаҳридаги Народное ополчение кўчасидаги кўпқаватли уйларнинг бирида истиқомат қилувчи оилада энага бўлиб ишлаган. Тахминларга кўра, аёл қизчанинг ота-онаси уйдан чиқиб кетишларини кутган ва шундан сўнг қизчани ўлдириб, квартирага ўт қўйган ва телбанамо аҳволда кўчага чиқиб кетган. Ёнғин ўчирилгач, қизалоқнинг бошсиз танаси аниқланган(илк экспертиза хулосаларига кўра, қизалоқ аввал бўғиб ўлдирилган ва шундан сўнг боши танасидан жудо қилинган бўлиши ҳам мумкин).
Ўзбекистон ИИВ матбуот-хизматига қўнғироқ қилганимизда, Москва шаҳрида ўзбекистонлик аёл томонидан содир этилган мудҳиш жиноят ҳақида Россия интернет ресурслари орқали хабардор бўлишгани ҳақида маълум қилишди. Жиноятда айбланаётган аёл билан боғлиқ саволларга изоҳ беришмади.