ТОШКЕНТ, 24 фев — Sputnik. Пентагон ва ЦРУ раҳбарлари Сурияда тинчлик ўрнатиш режаси амалга ошмай қолгудек бўлса, "Б режа"га ўтишни таклиф қилишмоқда, деб хабар қилади The Wall Street Journal. Яъни, ушбу режага кўра, Обама, Сурия ҳукуматига қарши курашувчи жангариларни қўллаб-қувватлашни янада кучайтиришга буйруқ бермоғи лозим, РИА Новости хабари асосида.
Пентагон раҳбари Эштон Картер ва ЦРУ бошлиғи Жон Бреннан таъкидига кўра, бордию, Сурияда тинчлик ўрнатиш режаси амалга ошмайдиган бўлса, бунда фақат Москва айбдор бўлади. Шу боис, Оқ уйда бўлиб ўтаётган мажлисларда “Россияга жиддий муаммолар туғдириш” масалалари кўриб чиқилмоқда, деб хабар қилади WSJ АҚШ президенти маъмуриятидаги манбага таянган ҳолда.
Маълумотларга кўра, Пентагон ва ЦРУ раҳбарлари “Б режа”га доир расмий тавсияномаларни Барак Обамага яқин кунлар ичида йўллашади. Ушбу режа атрофида музокаралар давом этмоқда.
Америкалик “қарчиғайлар” фикрича, бордию, Сурияда тинчлик ўрнатиш режаси барбод бўлган тақдирда, Башар Асад армиясига қарши курашаётган муҳолифат кучларни қўллаб-қувватлашни кучайтириш ёки Россияга қарши янги санкциялар киритиш лозим.
Пентагон раҳбари таъкидига кўра, Сурияда ўт очишни тўхтатиш, Россия томонидан ўйлаб топилган “ҳийла” бўлса, АҚШ Давлат котиби Жон Керри, ушбу тинчлик музокараларига юқори баҳо бермоқда. Унинг фикрича, ушбу битим Россияга қанчалик ишониш мумкинлигини кўрсатиб бериши мумкин.
"Қирчиғайлар альянси " дипломатик ва мудофаа муассасалари вакиллари фикри бир жойдан чиқмаётганини кўрсатиб бермоқда. Бу ҳолат АҚШ президентини Москвага қарши қатъий чоралар кўришга таъсир кўрсатиши мумкин, — деб ёзади WSJ. Ушбу чақириқларга қулоқ осадиган бўлса, Барак Обама АҚШни Суриядаги можарога янада чуқурроқ ботириб қўйиши мумкин, дея қайд этилади мақолада.