ТОШКЕНТ, 19 фев — Sputnik, Наталия Шмакова. Туркия президентининг ўғли — Билол Эрдўғон устидан Болонья(Италия) шаҳри прокуратураси жиноий иш қўзғади. Билол ноқонуний йўл билан топилган пулларни ювишда айбланмоқда, РИА Новости хабари асосида.
Ўттиз беш ёшли Билол Эрдўғон ҳозирда Италиянинг Жонс Хопкинс номидаги университетида докторлик диссертациясини ёзаётгани боис, ўтган йилдан буён рафиқаси ва икки фарзанди билан Болоньяда истиқомат қилиб келади. Билолга қарши иш – Туркия президенти Тойиб Эрдўғоннинг сиёсий душмани, ҳозирда Францияда истиқомат қилувчи Мурод Хоқон Ўзан томонидан берилган ариза асосида қўзғатилган.
Тўрт саҳифадан иборат ҳужжатда, Билол Эрдўғон — 2013 йил декабрда Туркияда катта шов-шувларга сабаб бўлган порахўрлик билан боғлиқ можароларнинг бош “қаҳрамони” бўлгани таъкидланади.
Аризага, шунингдек, ота ва ўғил ўртасида бўлиб ўтган телефон қўнғироғи стенограммаси ҳам илова қилинган. Унга кўра, суҳбат давомида Тойиб ва Билол Эрдўғон “уйда нақд ётган миллионлаб евродан қандай қутилишни” муҳокама қилишган. Гап, Билол измида бўлган 30 миллион евро ҳақида бораётгани таъкидланмоқда.
"Билол Эрдўғон Италияга бир тўда қуролланган тан соқчилари қуршовида ташриф буюрди. Аммо давлат органлари ходимлари тан соқчиларга мамлакат ҳудудига киришга рухсат бермадилар. Шундан сўнг, бир неча соат ичида, тан соқчиларга Туркиядан турк дипломатлари паспортлари бериб юборилди. Хуллас, энди, Билол Эрдўғоннинг тан соқчилари Италиядаги турк дипломатлари ҳисобланади”, — деб таъкидлади Мурод Ҳоқон ва Болонья судидан Туркия президенти ўғлига қарши жиноий йўл билан топилган пулларни ювиш моддаси бўйича иш очишни сўради.