ТОШКЕНТ, 12 фев — Sputnik. Интернет тармоғида Вован ва Лексус сифатида машҳур телефон хулиганлари — Владимир Кузнецов ва Алексей Столяров куни кеча Украина президенти Петр Порошенко ва Бош вазир Арсений Яценюк номидан Туркия президенти Тойиб Эрдўғон билан суҳбат ўтказишгани ҳақида оммага маълум қилишган эди.
НТВ сайтида берилган хабарга кўра, хулиганлар суҳбат давомида Эрдўғонга Россияга қарши бирикишни, украиналик амалдорларга саёҳат учун чегирмалар киритишни таклиф қилишган ҳамда Эрдўғон уриб туширилган Су-24 самолёти учун Путиндан узр сўрамоқчи эмаслигига ишонч ҳосил қилишган.
Эрдўғон маъмурияти ушбу маълумотни инкор этаётган бўлса-да, телефон суҳбати НТВ телеканали сайтида омма эътиборига ҳавола қилинди.
Дўстликка қаршимиз
"Биз сиз билан бириккан ҳолда Россияга қарши амалга оширишимиз лозим бўлган ҳаракатларни муҳокама қилмоқчи эдик, сиз бунга нима дейсиз”, деб савол ташлашган Эрдўғонга Вован ва Лексус.
Эрдўғон бунга жавобан таклифни бажонидил қабул қилишини айтиб, “бу борада ҳеч қандай шубҳа бўлиши мумкинмас, кўнглингиз тўқ бўлсин”, деган.
"Умид қиламанки, уриб туширилган самолёт учун Россия президентидан узр сўрамассиз?" — қизиқсинаб савол беришган хулиганлар. Сайтдаги хабарга кўра, Туркия президенти “Ҳечам бундай қилиш ниятим йўқ” деган жавобни айтган.
Учувчини тақдирлаш
Телефон хулиганлари, шунингдек, “суҳбат” давомида Россиянинг “Су-24” бомбардимончисини уриб туширган турк учувчисини мукофотлаш ҳақида таклиф киритганлар.
"Сиёсий акция сифатида, биз, ҳатто, Туркия ҳаво ҳудудини бузган ўша самолётни уриб туширган учувчингизни тақдирлашга тайёрмиз. Сабаби, давлат суверенитети ва унинг даҳлсизлиги – биз учун жуда муҳим тамойиллардан бири. Бу — сизу бизни янада яқинлаштирадиган сиёсий одим бўлар эди”, — деган хулиганлар.
Эрдўғон, гўё бунга эҳтиёж йўқлигини таъкидлаган.
Қрим ва Сурия
Пранкерлар, шунингдек, Эрдўғонга Қрим яриморолини иқтисодий ва денгиз томондан блокада қилишга қўшилишни таклиф қилишган. Туркия президенти бунга жавобан: “Бу масала аввал ташқи ишлар вазирлиги даражасида муҳокама қилиниши лозим”, деб жавоб қайтарган.
Пранкерлар шунингдек, Эрдўғон қачон Сурияда уруш бошлаши ва бу борада Украина армияси ёрдами керакмасми, деб қизиқиб кўришган.
"Бу ҳақда бирор ўзгариш бўлса, сизларга албатта, хабар қиламиз” – таъкидлаган жавобан Эрдўғон.
Суҳбат якунида сохта-Порошенко Эрдўғонни Украина ва Туркия ҳаммомларини шахсан таққослаб кўриш учун Киевга таклиф қилган. "Менинг жуда яхши ҳаммомчим бор, унинг исми Олег Ляшко, у Украина радикал партияси етакчиси, ва у сизни ҳаммомда яхшилаб буғлаб қўйишга тайёр", — деб суҳбатга хотима ясаган пранкерлар.