ТОШКЕНТ, 30 апр — Sputnik. Буюк Британиядан Ўзбекистонга жаҳон аҳамиятига эга 10 та нодир артефакт қайтарилмоқда. Бу жараён Ислом цивилизацияси маркази, WOSCU, ЕХҲТ, Art Loss Register, Metropolitan Police Service, Британия тузилмалари ва халқаро экспертлар ҳамкорлигида амалга оширилди.
Маданий бойликларни қайтариш маросими Лондонда, Ўзбекистон элчихонасида Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган халқаро тадбир доирасида бўлиб ўтди.
Қайтарилаётган буюмлар Марказий Осиё тарихининг турли даврларига оид. Улар орасида:
Кушонлар даврига оид ҳайкал бошлари;
қадимги Термиз ва буддавий санъат билан боғлиқ топилмалар;
Суғд меросига оид деворий расм парчалари;
милодий II–VIII асрларга тегишли ашёлар;
Темурийлар даврига оид ноёб кенотаф бор.
Мутахассисларга кўра, ушбу артефактлар ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида турли даврларда кечган цивилизацион жараёнларни ўрганишда муҳим аҳамиятга эга.
Тошкентга келтирилгандан сўнг буюмлар қўшимча ўрганиш, атрибуция ва реставрация текширувидан ўтказилади. Кейин улар Ислом цивилизацияси марказида кенг жамоатчиликка намойиш этилиши режалаштирилган.