ТОШКЕНТ, 30 апр — Sputnik. Ўзбекистонда электр энергияси ва табиий газни истеъмолчиларни тармоқдан ажратиш ёки чеклов киритиш ҳисобидан тежашга йўл қўйилмайди.
Бу “2026 йилда энергия самарадорлигини янада ошириш, энергия ресурсларини тежаш ва улардан оқилона фойдаланишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармонида белгиланди.
Ҳужжатга кўра, 1 июлдан вазирлик ва идоралар, ижтимоий соҳа муассасалари ҳамда давлат иштирокидаги корхоналарнинг янги қуриладиган ва мукаммал таъмирланадиган биноларида энергия самарадорлигининг “С” ва ундан юқори тоифасига эга бўлиш талаби киритилади.
Шунингдек, 2026 йилдан ҳар йили энергия сарфи белгиланган нормативлардан кескин ошиб кетган давлат объектларида энергия самарадорлигини яхшилаш дастурлари амалга оширилади.
Энергия самарадорлиги миллий агентлигига махсус жамғарма орқали энергия сервис компаниялари томонидан давлат буюртмалари асосида кўрсатиладиган хизматлар учун кафолатланган тўловларни амалга ошириш ҳуқуқи берилади.
2026 йил 1 октябрга қадар объектлар кесимида "Big Data", "Business Intelligence" ва сунъий интеллект технологиялари асосида энергия истеъмоли ҳамда самарадорлик кўрсаткичларини таҳлил қилиш амалиёти йўлга қўйилади.