ТОШКЕНТ, 29 апр — Sputnik. Ўзбекистонда аҳолини зилзилага тайёрлаш бўйича миллий таълим платформаси ишга туширилди. У орқали 7 млндан ортиқ фуқаро тегишли билимларга эга бўлди.
Бу ҳақда фавқулодда вазиятлар вазири Азизбек Икромов Халқаро зилзила қурбонларини ёд этиш кунига бағишланган халқаро конференция доирасида маълум қилди, деб хабар бермоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.
"Зилзилаларнинг мобил симуляторларидан фойдаланган ҳолда бир миллиондан ортиқ одамни қамраб олган амалий машғулотлар ўтказилди, унда зилзиладан олдин, зилзила пайтида ва ундан кейин ҳаракат қилиш кўникмалари машқ қилинди", — деди вазир.
Икромовнинг сўзларига кўра, Республика сейсмопрогностик мониторинг марказида Ўзбекистон ҳудудида ҳам, трансчегаравий ҳудудларда ҳам сейсмик хавф мониторинги йўлга қўйилган.
Шунингдек, кўп йиллик тадқиқотлар асосида Ўзбекистон ҳудуди сейсмик микрозоналарга бўлинган. Сейсмология ва қурилиш муҳандислиги соҳасидаги илмий институтлар фаолияти кучайтирилиб, ихтисослаштирилган илмий муассасалар ташкил этилган.
Фавқулодда вазиятлар вазири мамлакатда нефть-газ конлари, қаттиқ фойдали қазилма конлари ва сув омборлари мониторингининг автоматлаштирилган тизими жорий этилганини ҳам маълум қилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда тарихий-маданий мерос объектлари ва транспорт инфратузилмасининг зилзилабардошлигини мониторинг қилиш тизими ташкил этилган.
Икромов аҳолини зилзила вақтида тўғри ҳаракат қилишга тайёрлаш ишлари давом этаётганини таъкидлади. Унинг айтишича, амалий машғулотларда фуқароларга зилзиладан олдин, зилзила пайтида ва ундан кейин қандай ҳаракат қилиш бўйича кўникмалар берилади.