ТОШКЕНТ, 29 апр — Sputnik. Бу йил бир нафар зиёратчи учун Ҳаж зиёрати тўлови 77 миллион 73 минг сўмни ташкил қилади. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш маркази Sputnik Ўзбекистон мухбирига маълум қилди.
Идора матбуот хизматига кўра, бу йил ҳам Ўзбекистон учун Ҳаж зиёратига 15 мингта квота ажратилган.
Қонунчиликка кўра, Ҳаж ва Умра тадбирлари учун тўловлар Саудия Арабистонида ҳар бир зиёратчи учун шартнома асосида сарфланадиган харажатлар, авиачипталар, тиббий дори қутичаси учун дори воситалари, қўлланма, зиёратчилар камзули, сумка ва бошқа харажатларни ўз ичига олиши мумкин.
2026 йилда Ҳаж мавсуми Саудия Арабистонида янги тартиблар асосида ўтказилади. Жумладан, 13 апрелдан бошлаб Маккага кириш учун махсус рухсатнома талаб қилинади, фақат Ҳаж визаси ёки тегишли расмий рухсатномаси бор шахслар шаҳарга киритилади.