ТОШКЕНТ, 29 апр — Sputnik. Ўзбекистонда 2026 йилги Ҳаж мавсуми 2 майдан бошланади. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 18 майга қадар ҳар куни Ўзбекистондан Саудия Арабистонига авиақатновлар амалга оширилади.
Зиёратчилар мамлакатнинг 9 та ҳудуди — Тошкент, Наманган, Фарғона, Андижон, Самарқанд, Бухоро, Қарши, Термиз ва Урганч шаҳарларидаги аэропортлардан Мадина шаҳрига тўғридан-тўғри учади.
Ўзбекистонлик зиёратчиларни Мадина шаҳрига етказиш Саудия Арабистонининг "FlyAdeal" авиакомпанияси томонидан амалга оширилади. Ҳожиларни Ўзбекистонга қайтариш эса "Uzbekistan Airways" зиммасига юклатилган.
Зиёратчилар тиббий кўрикдан ўтказилиб, менингит касаллигига қарши эмланган. Бўлғуси ҳожиларнинг расмий Ҳаж визалари ва бошқа зарур ҳужжатларини расмийлаштириш якунланган. Зиёратчиларга гуруҳ раҳбарлари бириктирилиб, сафар олди машғулотлари ўтказилмоқда.
Ҳар бир зиёратчига “Ҳаж — буюк ибодат” қўлланмаси, сумка, нимча, термос, соябон, сим-карта ва қувватлагич тақдим этилмоқда.
Айни пайтда Саудия Арабистонида бўлиб турган Ҳаж–2026 мавсуми илк ишчи гуруҳлари ҳамкор ташкилотлар билан бирга меҳмонхоналар, Мино ва Арофот водийларида зиёратчилар учун шароитларни тайёрлаш бўйича иш олиб бормоқда.