Радар, камера ва асоссиз жарима шикоятлари: ички ишлар вазирига парламент сўрови юборилди

Қонунчилик палатаси депутатлари фоторадарлар, йўл белгилари, техник хатолар ва асоссиз жарималар бўйича ички ишлар вазиридан изоҳ сўради.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 апр — Sputnik. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатовга автомобиль йўлларидаги фото-видео қайд этиш техника воситаларининг самарадорлиги бўйича парламент сўрови юборди.
Қайд этилишича, депутатларнинг фуқаролар билан ўтказган учрашувларида фото-видео қайд этиш техника воситалари ва кўчма фоторадарлар фаолияти юзасидан айрим эътирозлар билдирилган.
Хусусан, фуқаролар қуйидаги ҳолатлардан норози бўлмоқда:
рухсат этилган тезлик кескин ўзгарадиган жойларда йўл белгилари етарли даражада кўринадиган нуқталарга ўрнатилмагани;
маълумотларни қайта ишлашда техник хатоларга йўл қўйилиши оқибатида асоссиз жарималар қўлланилиши;
айрим йўллар сифати талаб даражасида эмаслиги;
йўл чизиқлари кўринмаслиги ёки нотўғри белгилангани;
пиёдалар йўлакларида светофорлар етишмаётгани.
Сўровда йўл инфратузилмасидаги айрим камчиликлар қоидабузарликларга олиб келаётгани ҳам кўрсатилган.
Депутатлар “Хавфсиз ва равон йўл” умуммиллий дастури ижроси, йўл инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳаларни молиялаштириш, фото-видео қайд этиш техника воситаларининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашдаги самарадорлиги ва натижадорлиги юзасидан асослантирилган тушунтириш беришни сўрамоқда.
Энди қоида бузилса, жарима эгасига эмас, “ишончнома”даги ҳайдовчига расмийлаштирилади