Анатомик нуқсон билан туғилган болаларнинг операция харажатлари давлат ҳисобидан қопланади

3 ёшгача бўлган болалар учун “Эрта аралашув” хизмати ҳам жорий этилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 апр — Sputnik. Анатомик нуқсонлар билан туғилган болаларнинг қўшимча тиббий текширув ва жарроҳлик амалиётлари билан боғлиқ харажатлари Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ҳисобидан қопланади.
Бу норма 27 апрель куни қабул қилинган “Руҳий ҳолати бузилган ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармонида белгиланди.
Фармонга кўра, 2026 йил 1 июнга қадар ривожланишида нуқсонлар аниқланган 3 ёшгача бўлган болалар учун “Эрта аралашув” хизмати босқичма-босқич йўлга қўйилади.
Ушбу хизмат доирасида ногиронлиги белгиланган ёки жисмоний-ақлий ривожланишида нуқсонлари мавжуд 3 ёшгача бўлган болаларга махсус электрон реестрга киритилган нодавлат ташкилотлар томонидан хизмат кўрсатилади.
Болаларга махсус педагоглар томонидан коррекцион-ривожлантирувчи педагогик ёрдам кўрсатилади. Шунингдек, даволовчи жисмоний тарбия йўриқчилари иштирокида комплекс реабилитацион машғулотлар ўтказилади.
Ота-оналар ва тадбиркорларнинг бир қисми айрим солиқлардан озод қилинди