ТОШКЕНТ, 27 апр — Sputnik. Тошкентда Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатларини бартараф этишда иштирок этганлар хотирасига бағишланган маросим бўлиб ўтди. Бу ҳақда "Россотрудничество"нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси хабар берди.
Маросим Янгиҳаёт туманидаги Йўлдош мавзесида жойлашган “Чернобиль АЭС ҳалокатини бартараф этганлар хотирасига” ёдгорлигида ташкил этилди. Ёдгорлик пойига гулчамбар ва гулдасталар қўйилди. Тадбирда авария оқибатларини бартараф этиш иштирокчилари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, дипломатлар, МДҲ давлатларидан меҳмонлар ҳамда журналистлар қатнашди.
Инсоният тарихидаги энг йирик техноген фалокатлардан бири бўлган Чернобиль АЭСдаги авария 1986 йил 26 апрелда содир бўлди. Тўртинчи энергоблокдаги портлаш реакторни вайрон қилиб, атмосферага радиоактив моддалар тарқалишига сабаб бўлди.
Авария оқибатларини бартараф этишга юз минглаб одамлар — ҳарбийлар, ўт ўчирувчилар, муҳандислар ва шифокорлар жалб қилинди. Кейинчалик “ликвидаторлар” деб аталган бу инсонлар юқори радиация шароитида ҳаёти ва соғлиғини хавф остига қўйиб ишлади. Улар орасида Ўзбекистон, жумладан, Тошкент аҳолиси ҳам бор эди.
Фожиа оқибатлари минглаб инсонлар тақдирига таъсир кўрсатди, катта ҳудудлар ифлосланди, станция атрофида изоляция зонаси ташкил этилди. Чернобиль хотираси инсон хатосининг оғир оқибатлари ва фалокатни тўхтатиш учун ўзини аямаган одамлар жасорати ҳақида эслатма бўлиб қолмоқда.