https://sputniknews.uz/20260426/tashkent-zilzila-xotiralar-57152785.html
60 йил ўтиб: Тошкент зилзиласи рақамлар, гувоҳлар ва хотираларда
60 йил ўтиб: Тошкент зилзиласи рақамлар, гувоҳлар ва хотираларда
Sputnik Ўзбекистон
1966 йил 26 апрелдаги Тошкент зилзиласи юз минглаб одамни бошпанасиз қолдирди ва шаҳар қиёфасини ўзгартирди. Гувоҳлар ва тарихчи 60 йил аввалги воқеалар ҳамда қайта тикланиш ҳақида сўзлаб берди.
2026-04-26T10:15+0500
2026-04-26T10:15+0500
2026-04-26T10:15+0500
ўзбекистон
ссср
зилзила
табиий офат
шароф рашидов
https://cdn1.img.sputniknews.uz/img/07e7/04/19/34236900_0:464:2048:1616_1920x0_80_0_0_279aed8ca62c217be75abfee92dcb6d2.jpg
ТОШКЕНТ, 26 апр — Sputnik. Сешанба. 1966 йил 26 апрель. Тонгги соат 5:23. Бу сана ва вақт тошкентликлар хотирасида абадий муҳрланиб қолди. Кучли зилзила шаҳардаги турар-жой фондининг катта қисмини вайрон қилди.Унинг максимал кучи 8 баллни ташкил этди. Биринчи силкиниш ер ости гувиллаши ва ёруғлик чақнашлари билан бирга кечган. Зилзила маркази Қашғарка деб аталган марказий ҳудудга тўғри келган, у ерда асосан хом ғиштдан қурилган иморатлар жойлашган эди.Ўшанда 78 мингдан ортиқ оила бошпанасиз қолган. Бу ўша пайтда Тошкентда яшаган бир ярим миллион кишининг 300 мингдан зиёди демакдир. Саккиз киши ҳалок бўлган, икки юзга яқин киши турли жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган.Элмира Аҳмедова муҳим жиҳатни таъкидлайди: барча қўшнилар бир-бирларига ёрдам бера бошлаган. Имкони борича кўрпа-тўшак, овқат, чой, ҳатто какао ҳам олиб чиқиб, бир-бири билан баҳам кўришган.Зилзила бўлган куни КПСС Марказий Комитети Бош котиби Леонид Брежнев ва совет ҳукумати раҳбари Алексей Косигин катта мутахассислар гуруҳи билан Тошкентга учиб келишди. Кенгаш ўтказилиб, бутун кучни шаҳарни тиклашга сафарбар этишга қарор қилинди.Василий Костецкийнинг айтишича, ишчилардан қурилиш бригадалари тузилган, айрим кварталларга эса баъзан муайян республикаларнинг “ҳомийлиги” бириктирилган.Василий Костецкийнинг таъкидлашича, Тошкент аслида зилзилабардош қурилишнинг биринчи лабораторияларидан бирига айланган. Шаҳар жиддий ўзгариши керак эди: тор кўчалар ўрнига кенг хиёбонлар, кўплаб боғ ва скверлар, шунингдек, ички ҳовлилари бўлган янги микрорайонлар қурилиши режалаштирилган.Костецкий яна бир қизиқарли эпизодни ҳам эслатиб ўтади — турли республикалардан келган, қурилишлар яқинида яшаган қурувчилар аниқ бир уй ёки корпусни қуриб битказмагунча дам олишга чиқишдан бош тортган. Гувоҳларнинг хотираларида бу “уйни топширдик — кейин дам оламиз” деган ёзилмаган қоида сифатида таърифланади.Қиш бошига келиб қурувчилар 300 мингдан ортиқ киши учун уй-жой қуришди. Қисқа вақт ичида — 3,5 йилдан сал кўпроқ муддатда зилзила оқибатларини бартараф этиш вазифаси ҳал этилди, миллионлаб квадрат метр янги уй-жойлар қуриб битказилди.Тошкент зилзиласидан кейинги йилларда қурилган муҳим иншоотлар орасида Кино уйи, “Ўзбекистон” меҳмонхонаси, Тошкент сирки, Тошкент телеминораси бор. Яна бир мисол — Чилонзор тумани. У фалокатдан кейин пухта ўйланган режалаштириш, кўкаламзорлаштириш ва ҳовли майдонлари билан нолдан қурила бошланган.Орадан 60 йил ўтди, лекин Тошкент эслайди. Тонгги соат 5:23 даги гувиллашни, деворларнинг қарсиллашини ва одамларнинг кўзларидаги қўрқувни эслайди. Аммо шаҳар бошқа нарсани янада кучлироқ эслайди — у вайроналар орасидан одамлар, ўзаро ёрдам ва бир-бирини қўллаб-қувватлаш туфайли қандай қайта тикланганини ва бардош берганини.
ўзбекистон
Sputnik Ўзбекистон
info@sputniknews-uz.com
+74956456601
MIA „Rossiya Segodnya“
2026
Янгиликлар
uz_UZ
Sputnik Ўзбекистон
info@sputniknews-uz.com
+74956456601
MIA „Rossiya Segodnya“
https://cdn1.img.sputniknews.uz/img/07e7/04/19/34236900_0:272:2048:1808_1920x0_80_0_0_10b3357c6d776728def03888153902b0.jpgSputnik Ўзбекистон
info@sputniknews-uz.com
+74956456601
MIA „Rossiya Segodnya“
ўзбекистон, ссср, зилзила, табиий офат, шароф рашидов
ўзбекистон, ссср, зилзила, табиий офат, шароф рашидов
60 йил ўтиб: Тошкент зилзиласи рақамлар, гувоҳлар ва хотираларда
Минтақа тарихидаги энг ҳалокатли офатлардан бири юз минглаб одамни бошпанасиз қолдиргани ва Тошкент қиёфасини бутунлай ўзгартириб юборгани ҳақида гувоҳлар хотиралари ва тарихчи ҳикоя қилади
ТОШКЕНТ, 26 апр — Sputnik. Сешанба. 1966 йил 26 апрель. Тонгги соат 5:23. Бу сана ва вақт тошкентликлар хотирасида абадий муҳрланиб қолди. Кучли зилзила шаҳардаги турар-жой фондининг катта қисмини вайрон қилди.
Унинг максимал кучи 8 баллни ташкил этди. Биринчи силкиниш ер ости гувиллаши ва ёруғлик чақнашлари билан бирга кечган. Зилзила маркази Қашғарка деб аталган марказий ҳудудга тўғри келган, у ерда асосан хом ғиштдан қурилган иморатлар жойлашган эди.
“Эпицентр унчалик чуқур бўлмаган, шунинг учун зарба айниқса вайронкор бўлган ва зич шаҳар қурилиши туфайли бу жиддий вайронагарчиликларга олиб келган. Марказий туманларда ўн минглаб турар-жой бинолари, айниқса, эски кам қаватли уйлар шикастланган ёки бутунлай вайрон бўлган”, — дейди тарих ўқитувчиси, публицист, тарих фанлари номзоди Василий Костецкий.
Ўшанда 78 мингдан ортиқ оила бошпанасиз қолган. Бу ўша пайтда Тошкентда яшаган бир ярим миллион кишининг 300 мингдан зиёди демакдир. Саккиз киши ҳалок бўлган, икки юзга яқин киши турли жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган.
“Шу билан бирга, ҳалок бўлганлар сони фалокатнинг бундай кўлами учун нисбатан кам эди, чунки силкинишлар эрта тонгда, кўплаб одамлар кўчада бўлган ёки эвакуация қилишга улгурган пайтда содир бўлган”, — деб тушунтиради Костецкий.
“1966 йилда мен ҳали мактаб ўқувчиси эдим. Бу ҳаммамиз учун кутилмаган ҳол бўлгани яхши эсимда. Эрта тонгда ота-онамиз бизни уйғотишди ва ҳаммамиз кўчага югуриб чиқдик. Биз маҳалладаги ҳамма бир-бирини танийдиган уйда яшардик. Ким нима кийган бўлса, шундай чиқди: тунги кўйлак, пижама ва ҳоказо. Уйимиз зарар кўрмади, фақат кичик ёриқлар бор эди, вазалар тушиб кетди”, — деб эслайди Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси санъатшунослар секцияси раиси Элмира Аҳмедова.
“Зилзила содир бўлганида 16 ёшда эдим. Мен 50-мактабнинг 10-синфида ўқирдим. Биз ўша воқеалардан беш йил олдин қурилган уйда, Энгельс кўчасида, ҳозирги Амир Темур шоҳкўчасида яшардик. Ўша куни эрталаб ғала-ғовурдан уйғониб кетдим ва қаттиқ қалтираётганини сездим. Квартирадаги ҳамма нарса қулаб тушарди. Биз кўчага югурдик, кейин эса узоқ вақт уйга қайтишдан ва такрорий силкинишлардан қўрқдик”, — дейди тошкентлик фоторассом Владимир Гранкин.
Элмира Аҳмедова муҳим жиҳатни таъкидлайди: барча қўшнилар бир-бирларига ёрдам бера бошлаган. Имкони борича кўрпа-тўшак, овқат, чой, ҳатто какао ҳам олиб чиқиб, бир-бири билан баҳам кўришган.
“Эртаси куни мен Телман боғи — ҳозирги Central Park яқинидаги хусусий секторда, бир қаватли уйларда яшовчи дўстларимникига бордим. Уларнинг кўпчилиги вайрон бўлган: деворлари ёрилиб, қулаб тушган, шифти чўккан эди. Дўстлар, танишлар, қўшнилар — ҳамма бир-бирига қўлидан келганча ёрдам берди”, — дейди Владимир Гранкин.
“Апрель ойида мактаб машғулотлари давом этиши керак эди, лекин улар, албатта, тўхтатилди. Тошкентлик кўплаб болаларни Москва атрофидаги лагерларга жўнатишди. Мен уч ойни Калуга вилоятидаги Таруса шаҳрида ўтказдим. Бу вақтни бир умрга эслаб қолдим. Бизни шундай меҳмондўстлик, шундай меҳрибонлик билан кутиб олишди. Биз ҳар кунимизни экскурсияларда ўтказардик. Эсимда, биз Ясная Полянада, Лев Николаевич Толстойнинг уйида, А.П. Чеховнинг “Мелихово” музей-қўриқхонасида, Клиндаги П.И. Чайковский музейида бўлдик. Бизни Москвага олиб боришди ва ўшанда мен биринчи марта Третьяков галереясида бўлдим”, — дейди Аҳмедова.
Зилзила бўлган куни КПСС Марказий Комитети Бош котиби Леонид Брежнев ва совет ҳукумати раҳбари Алексей Косигин катта мутахассислар гуруҳи билан Тошкентга учиб келишди. Кенгаш ўтказилиб, бутун кучни шаҳарни тиклашга сафарбар этишга қарор қилинди.
“Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби Шароф Рашидович Рашидовнинг иродаси ва ташаббусини алоҳида таъкидламоқчиман. У Москвани шаҳарни қайта қуриш кераклигига ишонтирди”, — дея қўшимча қилади Элмира Аҳмедова.
“Зилзиладан сўнг шаҳарни амалда қайта қуришга тўғри келди ва бу СССРда урушдан кейинги шаҳарсозликнинг энг кенг кўламли ва ғайриоддий лойиҳаларидан бири бўлди. Унда деярли барча иттифоқдош республикалар иштирок этди: Беларусь, Молдова, Украина, Қозоғистон, Грузия, Арманистон, Озарбайжон, Латвия, Литва, Эстония, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон”, — дейди Василий Костецкий.
“Бутун Тошкент халқи, Ўзбекистоннинг барча шаҳар ва вилоятлари ҳам қурилишда катта иштирок этди. Мамлакатимизнинг кўплаб рассомлари, санъатшунослари, археологлари сақлаб қолиниши керак бўлган меъморий ёдгорликларни тиклаш устида ишладилар”, — дея қўшимча қилади Аҳмедова.
Василий Костецкийнинг айтишича, ишчилардан қурилиш бригадалари тузилган, айрим кварталларга эса баъзан муайян республикаларнинг “ҳомийлиги” бириктирилган.
“Қурувчилар майдончаларда ўнлаб акцентларни эшитиш мумкинлигини айтишган. Турли республикалардан келган бригадалар ёнма-ён яшаган, бирга ишлаган, бу эса миллий тафовутлар иккинчи планга ўтиб кетадиган “ягона қурилиш фронти” ҳиссини уйғотган. Архитекторлар ўзларининг касбий мактаблари ва услубий хусусиятларини олиб келишган, шунинг учун шаҳарнинг турли ҳудудларида меъморий ёндашувларнинг хилма-хиллиги ва уларнинг қоришуви ҳали ҳам кўзга ташланади”, — дейди у.
Василий Костецкийнинг таъкидлашича, Тошкент аслида зилзилабардош қурилишнинг биринчи лабораторияларидан бирига айланган. Шаҳар жиддий ўзгариши керак эди: тор кўчалар ўрнига кенг хиёбонлар, кўплаб боғ ва скверлар, шунингдек, ички ҳовлилари бўлган янги микрорайонлар қурилиши режалаштирилган.
“Гувоҳларнинг хотираларига кўра, бригадалар деярли тўхтовсиз, икки сменада, баъзан кечаю кундуз ишлаган. Вазифа оддий ва муддатлар бўйича ўта қатъий эди: ҳар куни янги уй ёки ҳеч бўлмаганда тайёр турар жой блоки пайдо бўлиши керак эди. Айниқса, монтажчилар ва кранчилар доимий такрорий силкинишлар хавфи остида ишлаган вазият тез-тез эсга олинади. Шунга қарамай, улар оғир панелларни қўлда ва минимал техника билан кўтариш ва ўрнатишни давом эттирган. Айрим ҳолларда, техника буни уддалай олмаганда, жараённи тўхтатмаслик учун конструкция элементлари тўғридан-тўғри, том маънода “кўз билан” мослаштирилиб, маҳкамланган”, — дейди тарихчи.
Костецкий яна бир қизиқарли эпизодни ҳам эслатиб ўтади — турли республикалардан келган, қурилишлар яқинида яшаган қурувчилар аниқ бир уй ёки корпусни қуриб битказмагунча дам олишга чиқишдан бош тортган. Гувоҳларнинг хотираларида бу “уйни топширдик — кейин дам оламиз” деган ёзилмаган қоида сифатида таърифланади.
Қиш бошига келиб қурувчилар 300 мингдан ортиқ киши учун уй-жой қуришди. Қисқа вақт ичида — 3,5 йилдан сал кўпроқ муддатда зилзила оқибатларини бартараф этиш вазифаси ҳал этилди, миллионлаб квадрат метр янги уй-жойлар қуриб битказилди.
“1966 йилдан кейин Тошкентда ўзига хос меъморий тил шаклланди, у баъзан “сейсмик модернизм” деб аталади. Бу конструктив барқарорлик, модернистик ечимлар ва шарқона безак элементларининг уйғунлигидир. Шунинг учун ҳам шаҳарни кўпинча “совет архитектураси лабораторияси” деб аташади”, — дейди Василий Костецкий.
Тошкент зилзиласидан кейинги йилларда қурилган муҳим иншоотлар орасида Кино уйи, “Ўзбекистон” меҳмонхонаси, Тошкент сирки, Тошкент телеминораси бор. Яна бир мисол — Чилонзор тумани. У фалокатдан кейин пухта ўйланган режалаштириш, кўкаламзорлаштириш ва ҳовли майдонлари билан нолдан қурила бошланган.
“Албатта, мамлакат ягона эди ва ҳамма бир-бирига ёрдам берарди. Мана шу эсимда қолди. Айниқса, одамлар бир-бирига қандай муносабатда бўлганини, қанча ғамхўрлик, қанча меҳрибонлик ва ёрдам бўлганини алоҳида таъкидлашни истардим! Мусибат халқни жипслаштирди. Синфимизда ота-онаси Тошкентни қуришга келган болалар бор эди. Булар ишчилар ва қурувчилар, муҳандислар ва ирригаторлар эди. Синфимизда икки қиз ва бир ўғил бола бор эди, кейинчалик уларнинг ота-оналари Тошкентда қолишга қарор қилишди”, — деб эслайди Элмира Аҳмедова.
Орадан 60 йил ўтди, лекин Тошкент эслайди. Тонгги соат 5:23 даги гувиллашни, деворларнинг қарсиллашини ва одамларнинг кўзларидаги қўрқувни эслайди. Аммо шаҳар бошқа нарсани янада кучлироқ эслайди — у вайроналар орасидан одамлар, ўзаро ёрдам ва бир-бирини қўллаб-қувватлаш туфайли қандай қайта тикланганини ва бардош берганини.