ТОШКЕНТ, 27 апр — Sputnik. “Росатом” ва “Ўзатом” мутахассислари Ўзбекистон атом саноати учун кадрлар тайёрлаш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда “Росатом” матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон Атом энергияси агентлигида кадрлар тайёрлаш бўйича Россия-Ўзбекистон қўшма ишчи гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда март ойида имзоланган атом ва турдош соҳаларда ҳамкорлик бўйича йўл харитасини амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Йиғилишда кадрлар тайёрлаш бўйича мамлакат режаси лойиҳаси, қўшма таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва уларни босқичма-босқич жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, ММФИ" Миллий тадқиқот ядро университетининг Тошкент шаҳридаги филиалида таълим дастурларини ривожлантириш, филиал ўқитувчиларининг “Росатом” техника академиясида “Train the trainers” курслари орқали малакасини ошириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
“Росатом” бош директори ўринбосари Татьяна Терентьеванинг таъкидлашича, кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик Ўзбекистонда атом энергетикасини ривожлантириш учун зарур мутахассислар базасини шакллантиришга хизмат қилади.