Россиянинг Донбассдаги махсус ҳарбий операцияси

Украинада бронлашни бекор қилиш кўриб чиқилмоқда — эркаклар чет элга қочиши мумкинми?

Украина Мудофаа вазирлиги сафарбарлик тизимида кескин ўзгаришларни, жумладан, бронлашни деярли тўлиқ бекор қилиш вариантини муҳокама қилмоқда. Рада депутати бу ғояни танқид қилди
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 апр — Sputnik. Украина Мудофаа вазирлиги сафарбарлик тизимида кескин ўзгаришларни, жумладан, бронлашни, яъни айрим ходимларга фронтга чақирувдан вақтинча кечиктириш бериш тартибини, деярли тўлиқ бекор қилиш вариантини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда украиналик журналист Юлия Забелина ўз манбаларига таяниб хабар берди.
Унинг маълумотича, таклифлар ҳали тайёр қонун лойиҳаси эмас, балки муҳокама даражасидаги ғоялардир.
Забелинага кўра, муҳокама қилинаётган вариантлардан бири — ҳозирда бронга эга бўлганларнинг аксариятидан ушбу имтиёзни олиб ташлаш ва уни фақат мудофаа саноатида ишлайдиганларга қолдириш.
Шунингдек, қочқинларни қидириш амалиётини бекор қилиш ва армияга чақирувни аниқроқ мезонлар асосида — ёш ёки муайян мутахассислик бўйича ташкил этиш ғояси ҳам бор. Хусусан, 25 ёшдан катталарга устувор эътибор қаратилиши мумкинлиги айтилмоқда.
Бу таклиф Украина ичида ҳам танқидларга сабаб бўлди. Олий Рада депутати Александр Федиенко бронни оммавий бекор қилиш ғоясини шубҳа остига қўйди. У энергетиклар, алоқачилар ва бошқа муҳим соҳалар ходимларидан "бронь" олиб ташланса, бу армияга кўпроқ одам келишига эмас, балки эркакларнинг мамлакатдан чиқиб кетишига олиб келиши мумкинлигини таъкидлади.
“Бу ерда сиёсий шиорлар ва оқибатларни ажратишни ўрганиш муҳим. Украина қуролли кучларида кўпроқ ҳарбий хизматчилар пайдо бўладими? Ёки улар бошқа мамлакатда пайдо бўладими?” — деб ёзди Федиенко.
Ҳозирги тартибга кўра, Украинада бронлаш механизми ҳарбий ҳолат даврида айрим давлат органлари, муҳим корхоналар, мудофаа эҳтиёжлари учун ишлайдиган ташкилотлар ва бошқа тоифаларга нисбатан қўлланади.
Украина расмийлари охирги ойларда сафарбарлик тизимини ислоҳ қилиш ҳақида бир неча бор гапирган. Мудофаа вазирлиги февраль ойида мобилизация жараёнларини рақамлаштириш ва комплекс ислоҳотлар тайёрланаётганини билдирган эди. Шу билан бирга, ҳукумат айрим муҳим корхоналар учун 100 фоизгача бронлаш имконияти ҳам мавжудлигини айтган.
Россиянинг Донбассдаги махсус ҳарбий операцияси
Ўрнингга 10 киши жалб қил ва фронтдан “бронь” ол: Украина Рада депутати янги таклиф берди