ТОШКЕНТ, 21 апр — Sputnik. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида Сурхондарё вилоятининг Қизириқ ва Жарқўрғон туманлари, шунингдек, Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳри ва Томди тумани чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги қарор лойиҳалари маъқулланди.
Таклиф этилаётган ўзгаришларга мувофиқ, Жарқўрғон туманидан 4 740 гектар ер майдони Қизириқ тумани таркибига ўтказилади.
Қайд этилишича, бу иқтисодий бошқарувни такомиллаштириш, 731 оилада яшовчи 4 230 нафар аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун замин яратади.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги, айниқса чорвачиликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва Қизириқ туманининг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига хизмат қилади.
Шунингдек, Навоий вилоятидаги ўзгаришларга кўра, Томди туманидан 2 459 гектар ер майдони Зарафшон шаҳри таркибига ўтказилади.
Қайд этилишича, Зарафшон шаҳрининг истиқболли режаси ишлаб чиқилган бўлиб, унга мувофиқ уй-жойлар, саноат, ижтимоий ва хизмат кўрсатиш объектлари қурилади.
Жумладан, узоқ муддатли бизнес-режа асосида ҳудудда 250 дан ортиқ саноат ва ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш, 90 та ижтимоий соҳа объекти ҳамда 500 дан ортиқ савдо-маиший ва хизмат кўрсатиш нуқталарини барпо этиш режалаштирилган.