Мантуров: РФ Ўзбекистонга биринчи космонавт лойиҳасида ёрдам беришга тайёр

Россия бош вазири ўринбосари Денис Мантуров Москва Ўзбекистоннинг биринчи космонавти ва биринчи сунъий йўлдоши лойиҳаларини амалга оширишда ёрдам беришга тайёрлигини билдирди
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 апр — Sputnik. Россия Ўзбекистоннинг биринчи миллий космонавтни ер орбитасига юборишида ҳар томонлама ёрдам беришга тайёр. Бу ҳақда Россия бош вазирининг биринчи ўринбосари Денис Мантуров журналистларга маълум қилди.
“Ўтган йил охирида Ўзбекистон президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев биринчи миллий космонавтни тайёрлаш ва уни Ер орбитасига юбориш, шунингдек, биринчи сунъий йўлдошни коинотга учириш бўйича улкан вазифани эълон қилди. Ўзбекистоннинг стратегик шериги сифатида биз бу режаларни олқишлаймиз ва уларни амалга оширишда ҳар томонлама ёрдам бериш учун барча бой тажрибамиз ва ваколатларимизни ишга солишга тайёрмиз”, — деди Мантуров.

Эслатиб ўтамиз, февраль ойида Шавкат Мирзиёев сунъий йўлдошни коинотга чиқариш ва биринчи миллий космонавтни тайёрлаш бўйича таклифлар билан танишган эди. Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, 2028 йилда “Mirzo Ulugbek” номли 6U форматдаги биринчи миллий илмий йўлдошни учириш таклиф этилган.

Шунингдек, биринчи ўзбек космонавтини 10–14 кунлик қисқа муддатли парвозга тайёрлаш ва уни аниқ илмий дастур билан боғлаш масаласи кўриб чиқилган.

Тошкентда давра суҳбати: биринчи космонавт ва космик технологиялар бўйича маълумот берилди