Тошкентда давра суҳбати: биринчи космонавт ва космик технологиялар бўйича маълумот берилди

© SputnikУзбеккосмос рассказал об этапах подготовки первого космонавта
Узбеккосмос рассказал об этапах подготовки первого космонавта - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 18.03.2026
Oбуна бўлиш
Тошкентда ўтадиган STC 2026 халқаро конференциясида “Ўзбеккосмос” 2030 йилгача космик тармоқ стратегиясини тақдим этади.
ТОШКЕНТ, 18 мар — Sputnik. Тошкентда 30 март-1 апрель кунлари космик технологияларга бағишланган Space Technology Conference – Central Eurasia 2026 (STC 2026) халқаро конференцияси бўлиб ўтади.
Бу ҳақда рақамли технологиялар вазирининг сунъий интеллектни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Олег Пекос космик соҳанинг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболларига бағишланган давра суҳбатида маълум қилди, дея хабар бермоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Тадбир 40 тадан ортиқ мамлакатдан 400 нафардан зиёд делегатни бирлаштиради. Конференцияда космик агентликлар, халқаро компаниялар, илмий марказлар ва инвестиция ҳамжамияти вакиллари иштирок этади. Шунингдек, “Ўзбеккосмос” Ўзбекистон космик тармоғини 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясини тақдим этади.
“Ўзбеккосмос” директори ўринбосари Муҳиддин Ибрагимовнинг айтишича, мамлакатда биринчи космонавт учун умуммиллий танлов ўтказилади.
Номзодлар тиббий, психологик ва жисмоний синовлардан ўтади, шунингдек, саломатлик, таълим ва тайёргарлик бўйича талабларга жавоб бериши керак. Халқаро космик станция учун рус ва инглиз, Хитой орбитал станцияси учун хитой ва инглиз тилларини билиш талаб этилади.
Финалчилар танловнинг иккинчи босқичини хорижда ўтайди. Шундан кейин асосий ва захира таркиб шакллантирилади. Танлаб олинган номзодлар 10–12 ойлик тайёргарликдан ўтади. Танланган станцияга қараб машғулотлар АҚШ, Япония, Германия ёки Пекинда ташкил этилади, сўнг карантин ва станцияга 10–14 кунлик парвоз босқичи бошланади.
“Ўзбеккосмос”нинг маълум қилишича, биринчи ўзбек космонавтининг илмий миссияси глобал исиш, иқлим ўзгариши, шунингдек, ўсимликлар генетикаси ва чидамли навларни яратиш бўйича тадқиқотларни қамраб олади.

Агентлик бўлим бошлиғи Ҳумоюн Раҳмоновнинг таъкидлашича, бу йўналишдаги ишлар Ўзбекистон Фанлар академияси билан ҳамкорликда олиб борилмоқда.

Идора маълумотига кўра, миссияни шакллантиришда халқаро тажриба инобатга олинади. Айни пайтда “Ўзбеккосмос” Хитой, Роскосмос, АҚШ, Европа Иттифоқи, Япония ва Корея каби ҳамкорлар билан орбитал станцияларга чиқиш имкониятлари бўйича музокаралар олиб бормоқда.
Космический спутник. Архивное фото - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 16.02.2026
2028 йилда илк сунъий йўлдош ва ўзбекистонлик фазогир - президент тақдимот билан танишди
Янгиликлар лентаси
0