ИННОПРОМ доирасида Мирзиёев Мантуров бошчилигидаги Россия делегациясини қабул қилди

Шавкат Мирзиёев Денис Мантуров билан учрашувда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги саноат кооперацияси, савдо ва янги қўшма лойиҳаларни муҳокама қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 апр — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев 20 апрель куни Россия Ҳукумати Раисининг биринчи ўринбосари Денис Мантуровни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Мантуров шу кунларда Тошкентда ўтаётган “ИННОПРОМ. Марказий Осиё” халқаро саноат кўргазмасида Россия делегациясига бошчилик қилмоқда.
Учрашувда Татаристон ва Бошқирдистон республикалари, Ленинград, Киров, Иркутск ва Омск вилоятлари раҳбарлари, шунингдек, Россиянинг қатор етакчи компаниялари вакиллари ҳам иштирок этди.
Суҳбат аввалида юқори мартабали меҳмон давлат раҳбарига Россия Президенти Владимир Путиннинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.
Мирзиёев 35 мамлакатдан 10 мингдан зиёд бизнес вакиллари иштирок этаётган олтинчи “ИННОПРОМ” кўргазмаси муваффақиятли ташкил этилганини юқори баҳолади.
Учрашувда, энг аввало, олий даражада эришилган, айниқса савдо-иқтисодий соҳадаги келишувларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Савдо ҳажми барқарор ўсиб бораётгани, саноат, тинч атом, энергетика, транспорт, металлургия, кимё ва бошқа тармоқлардаги лойиҳалар изчил амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Томонлар товар айирбошлаш суръатини сақлаб қолиш, шунингдек, устувор тармоқларда, жумладан саноат зоналари доирасида кооперация лойиҳаларини жадаллаштириш бўйича мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни давом эттириш муҳимлигини таъкидлади.
Ҳудудлар ва тадбиркорлар даражасидаги фаол алоқаларни кенгайтириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, энергия самарадорлиги, сув хўжалиги, киберхавфсизлик ва сунъий интеллект каби истиқболли йўналишлардаги режалар қўллаб-қувватланди.
Шунингдек, техника йўналишидаги қўшма олийгоҳлар негизида иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари учун муҳандис кадрлар тайёрлаш масаласи муҳокама қилинди.
Учрашувда Россия ҳудудлари ва компаниялари раҳбарлари мамлакат етакчисига турли соҳаларда янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ режаларини тақдим этди.
Мантуров Навоийда Россия иштирокида янги қўшма саноат парки ишга тушганини айтди