ИННОПРОМ. Марказий Осиё – 2026

Жиззахдаги АЭС қурилишида 25 минггача одам ишлайди — Иннопромда лойиҳа кўлами айтилди

Жиззах вилоятида қурилаётган АЭСда турли босқичларда 12 мингдан 25 минггача киши ишлаши кутилмоқда, лойиҳа доирасида эса икки турдаги шаҳарча барпо этилади
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 апр — Sputnik. Жиззах вилоятида қурилаётган АЭСда турли босқичларда 12 мингдан 25 минггача одам ишлаши кутилмоқда.
Бу ҳақда Иннопром доирасидаги "Ўзбекистондаги АЭС лойиҳаси: кўлами ва саноат учун имкониятлар ойнаси" сессиясида “Атомстройэкспорт” вице-президенти, Ўзбекистонда АЭС қуриш лойиҳаси директори Павел Безруков маълум қилди, деб хабар бермоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Безруковнинг сўзларига кўра, лойиҳа доирасида икки турдаги шаҳарча барпо этилади. Бири — қурилиш майдони яқинидаги вахта шаҳарчаси, иккинчиси эса муҳандис-техник ходимлар ва уларнинг оилалари учун мўлжалланган йўлдош шаҳардир. Иккинчи шаҳарча 5–7 минг кишига мўлжалланган. Ушбу шаҳарчанинг бош режаси ишлаб чиқилган.
Таъкидланишича, АЭС қурилиши Ўзбекистон учун нафақат энергетика, балки қурилиш саноати, электротехника, машинасозлик, металл прокати савдоси ва бошқа турдош тармоқлар ривожи учун ҳам муҳим туртки бўлади.
Жиззах АЭСи қурилиши дирекцияси қурилиш бўйича директор ўринбосари Отабек Амановнинг айтишича, лойиҳа инфратузилмани ривожлантириш ва кадрлар тайёрлашга ҳам хизмат қилади.
Шунингдек, у Жиззах вилояти ҳокимлиги атомчилар шаҳарчаси, коммуникациялар, темир йўл ва электр узатиш тармоқлари учун зарур ер участкаларини ажратишда фаол ёрдам бераётганини қайд этди.
Жиззахда АЭС қурилиши доирасида бетон ишлари бошланди