Ўзбекистон фармацевтика бозори 72 трлн сўмга етди: маркировка қандай таъсир қилди?

Иннопромда Ўзбекистон фармацевтика бозори 25 фоизга ўсиб, 72 триллион сўмга етгани айтилди. Россияда эса маркировка ноқонуний савдо ва шубҳали товарлар улушини камайтирган
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 апр — Sputnik. Ўзбекистон фармацевтика бозори 25 фоизга ўсиб, 72 триллион сўмга етди. Бу ҳақда Иннопром доирасида Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази директорининг иқтисодий ва молиявий масалалар бўйича ўринбосари Шоядбек Васиев маълум қилди, деб хабар бермоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Васиевнинг сўзларига кўра, рақамли маркировка бозорни тўхтатмайди, аксинча унинг ўсиши ва “оқланиши”га ёрдам беради.
Қайд этилишича, тизимдаги ишлаб чиқарувчилар сони 157 тадан 850 тага етган. “Асл Белгиси”га барча 59 та маҳаллий ишлаб чиқарувчи, 455 та улгуржи компания, қарийб 1600 та давлат тиббиёт муассасаси ва 7600 та дорихона уланган.
Маркировкаланган дори воситалари сони 1500 тадан 12 мингдан ошди. Дорихоналарда маркировкаланган дори воситалари савдоси 252 миллион донага, улгуржи сегментда эса 1,5 миллиард донага етди.
Шунингдек, маркировка орқали бозордаги маълумотлар ҳам янгиланиб, реестрдаги 40 мингдан ортиқ позициядан 13,5 мингга яқини амалда муомалада экани аниқланган.
Иннопромда келтирилган маълумотларга кўра, Россияда ҳам рақамли маркировка ноқонуний савдо улушини сезиларли қисқартирган.
Россия саноат ва савдо вазири ўринбосари Екатерина Приезжеванинг сўзларига кўра, қадоқланган сув сегментида ноқонуний айланма 60 фоизга, парфюмерияда 82 фоизга, тамаки маҳсулотларида 56 фоизга камайган.
Бундан ташқари, 2019 йилдан бери маркировка тизими Россия бюджетига қарийб 1,8 триллион рубль қўшимча тушум келтирган. Икки йил ичида эса 3,3 миллиард шубҳали товар блокланган.
Эслатиб ўтамиз, Sputnik Ўзбекистон “Иннопром” кўргазмасининг расмий ахборот ҳамкори ҳисобланади.
Ўзбекистондан рақамли код билан белгиланган товарлар айланмаси 16 млрд долларга етди