ТОШКЕНТ, 20 апр — Sputnik. Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо давлатлар билан қўшма корхоналари сони қарийб 5 мингтага етди, саноат соҳасидаги кооперация алоқалари ҳажми эса қарийб 8 миллиард долларни ташкил этмоқда.
Бу ҳақда “Иннопром” ялпи сессиясида Евроосиё иқтисодий комиссиясининг саноат ва агросаноат мажмуи бўйича ҳайъат аъзоси, вазир Гоар Барсегян маълум қилди, деб хабар бермоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Унинг сўзларига кўра, ЕОИИ саноат ва агросаноат мажмуи, божхона ва техник жиҳатдан тартибга солиш, транспорт, энергетика ҳамда логистика каби йўналишларда ички кун тартибини ривожлантириш билан бирга, халқаро ҳамкорлар тармоғини ҳам кенгайтирмоқда.
“Бу архитектурада Ўзбекистон ЕОИИ ҳузуридаги кузатувчи давлат сифатида муҳим ўрин тутади”, — деди Барсегян.
Барсегян Шавкат Мирзиёевнинг стратегик ташаббуслари аъзо давлатлар билан биргаликда саноат, агросаноат мажмуи, шунингдек рақамли ва инновацион технологиялар соҳасида кооперацияни ривожлантиришга қаратилганини ҳам қайд этди.
Унинг айтишича, Ўзбекистон тармоқ уюшмалари билан биргаликда “Робототехника” Евроосиё технологик платформаси ишида фаол иштирок этмоқда. Бу доирада робототехника, саноат роботларини жорий этиш ва барқарор кооперация занжирларини шакллантириш бўйича давлатлараро дастур ишлаб чиқилган.