ТОШКЕНТ, 16 апр — Sputnik. Ўзбек шифокорлари чет элдаги операция асоратини бартараф этиб, 5 ёшли боланинг ҳаётини сақлаб қолди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълум қилишича, жажжи беморда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида мамлакатда илк бор ўта мураккаб амалиёт ўтказилди.
Маълум бўлишича, Умаржон Абдураззоқов ўтган йили тасодифан каустик сода ишқорини ичиб қўйган. Оқибатда унинг қизилўнгачи чандиқли торая бошлаган ва вақт ўтиб умуман овқатлана олмай қолган. Дастлаб шифокорлар унинг ошқозонига махсус найча ўрнатиб, аҳволини енгиллаштирган.
Кейин ота-она боласини хорижда даволатишга қарор қилган. Бироқ у ерда ўтказилган операциядан сўнг беморнинг аҳволи янада оғирлашган. Вазирликка кўра, амалиёт пайтида ошқозон юқорига кўтарилиб, қизилўнгач қолдиғига улангани сабаб юракка босим юзага келган.
Профессор Ҳабибулла Оқилов бошчилигидаги мутахассислар қарийб 5 соатлик операция давомида ошқозонни қайта жойлаштириб, йўғон ичакдан янги қизилўнгач шакллантирди. Ҳозир боланинг аҳволи яхши, яқин кунларда у оиласи бағрига қайтиши кутилмоқда.