ТОШКЕНТ, 16 апр — Sputnik. Москвада Ўзбекистон Миграция агентлиги директори Беҳзод Мусаев Россиядаги йирик иш берувчилар раҳбарлари билан музокаралар ўтказди.
Учрашувлар Ўзбекистон Миграция агентлигининг Россиядаги ваколатхонасининг янгиланган офиси очилиши доирасида бўлиб ўтди, деб хабар қилди “Дунё” ахборот агентлиги.
Тадбирда Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Ботиржон Асадов, Россия бош прокурори ўринбосари Павел Городов, юридик компаниялар вакиллари ҳам иштирок этди.
Шунингдек, “Россияда Ўзбекистон фуқароларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш механизмларини такомиллаштириш” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Муҳокамаларда Россия ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига малакали ва ўз вақтида ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, янги миграция сиёсати билан боғлиқ масалалар ҳамда фуқаролар билан ишлаш жараёнларини рақамлаштириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.