ТОШКЕНТ, 16 апр — Sputnik. Ўзбекистонда барқарор токенлар учун махсус ҳуқуқий режим жорий этилди. Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ва Марказий банк тасдиқлаган низомга кўра, бундай токенлар фақат миллий ёки хорижий валютадаги пул маблағлари билан тўлиқ таъминланган ҳолда чиқарилади.
Бу маблағлар Марказий банкдаги алоҳида ҳисобварақда захирага қўйилиши шарт. Соддароқ айтганда, гап биткоин каби нархи бозорда кескин ўзгариб турадиган актив эмас, балки ортида реал пул турган барқарор токенлар ҳақида кетмоқда.
Махсус режим доирасида бундай токенлардан Ўзбекистон ҳудудида тўлов воситаси сифатида фойдаланиш, халқаро ҳисоб-китобларда синовдан ўтказиш ва блокчейн асосида тўлов тизимларини яратиш мумкин бўлади.
Шу билан бирга, алгоритмик, аноним ва крипто-активлар билан таъминланган барқарор токенларга рухсат берилмайди.
Крипто-активларни чиқариш тартиби аввал ҳам мавжуд эди, аммо улардан тўлов воситаси сифатида фойдаланиш, қонунчиликдаги алоҳида ҳолатлардан ташқари, тақиқланган. Янги низом эса айнан барқарор токенларни назорат қилинадиган муҳитда синовдан ўтказишга йўл очади.