ТОШКЕНТ, 16 апр — Sputnik. Ўзбекистонда QR-код орқали тўловларни қабул қилишнинг ягона тартиби белгиланди. Адлия вазирлиги мазкур идоравий ҳужжатни давлат рўйхатидан ўтказди.
Ҳужжат 2025 йил 10 декабрдаги ПФ–246-сон фармон ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган бўлиб, у ягона QR-код тизими орқали тўловларни амалга ошириш қоидалари ва иштирокчиларнинг вазифаларини белгилайди.
2026 йил 1 июлдан савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги барча юридик шахслар учун банклар томонидан шакллантирилган ягона QR-код орқали электрон тўлов қабул қилиш мажбурий бўлади.
Ягона QR-код фойдаланувчига исталган банк ёки тўлов ташкилотининг мобил иловаси орқали тўловни амалга ошириш имконини беради. Қоидаларга кўра, QR-кодлар статик ва динамик турларга ажратилади, барча тўлов тизимларининг ягона QR-код тизими орқали ўзаро интеграцияси таъминланади.
Шунингдек, тўловлар ҳақидаги маълумотлар автоматлаштирилган тарзда қайта ишланиб, тизим иштирокчиларига реал вақт режимида етказилади. Мижозлар эса мобил иловада QR-кодни сканерлаш, тўлов суммасини тасдиқлаш, операция бўйича онлайн маълумотнома олиш ва транзакциялар тарихи билан танишиш имконига эга бўлади