ТОШКЕНТ, 15 апр — Sputnik. Ўзбекистон дипломатлари Польшанинг Миллий хотира институти раҳбарияти билан учрашувда Иккинчи жаҳон уруши тарихи, архив иши ва музейлар фаолияти йўналишидаги ҳамкорликни муҳокама қилди.
“Дунё” ахборот агентлиги хабарига кўра, музокараларда уруш жиноятларини ўрганиш, архив материалларини қидириш, илмий-тадқиқот ва таълим соҳасидаги қўшма ишлар масаласи кўриб чиқилди.
Томонлар сўнгги йилларда икки мамлакатнинг тегишли муассасалари ўртасида ҳамкорлик кенгайиб бораётганини таъкидлади.
Хусусан, 2021 йилда Гданьскдаги Иккинчи жаҳон уруши музейи, Тарих институти ва “Ўзархив” агентлиги ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилган, 2022 йилда эса Польша Миллий хотира институти ва Ўзбекистон Миллий архиви ўртасида меморандум имзоланган.
Учрашувда 1942 йилда Ўзбекистонда генерал Владислав Андерс армияси шакллантирилгани ва 115 мингдан ортиқ Польша фуқароси Ўзбекистон ҳамда Туркманистон орқали Эронга эвакуация қилингани ҳам эслатиб ўтилди.