ТОШКЕНТ, 15 апр — Sputnik. 15 апрель куни Тошкентда МДҲ давлатлари Мудофаа вазирлари кенгаши ҳузуридаги Ҳаво ҳужумидан мудофаа масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи қўмитанинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон мудофаа идоралари, шунингдек, МДҲ Ижроия қўмитаси ва қатор ҳарбий таълим ҳамда саноат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
МДҲ Ижроия қўмитасининг хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик департаменти директори Евгений Клемезь қўшма ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими Ҳамдўстликдаги амалий ҳарбий ҳамкорликнинг энг самарали шаклларидан бирига айланганини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, бу тизим нафақат хавфсизликни мустаҳкамлаш, балки ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш ва умумий хавфсизлик архитектурасини сақлашга ҳам хизмат қилади.
Йиғилишда 2030 йилгача ҳарбий ҳамкорлик концепциясини амалга ошириш, замонавий жанговар тажриба асосида кадрлар тайёрлашни такомиллаштириш, учувчисиз учиш аппаратлари ва робототехника мажмуаларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, 2025 йилдаги фаолият якунлари, молиявий масалалар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа бўйича қўшма жанговар навбатчиликни ташкил этиш юзасидан фикр алмашилди.