Президент Жавоҳир Синдоровни тарихий ғалаба билан табриклади

Ўзбекистон шахмат тарихида илк бор Номзодлар турнирида ғолиб чиққан Жавоҳир Синдоров билан президент телефон орқали мулоқот қилиб, уни тарихий натижа билан табриклади
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 апр — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Халқаро шахмат федерациясининг Номзодлар турнири ғолиби Жавоҳир Синдоров билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Президент ёш гроссмейстерни Ўзбекистон шахмат тарихида биринчи бор ушбу нуфузли мусобақада ғолиб бўлиб, тарихий натижага эришгани билан самимий табриклади.
Қайд этилишича, Синдоров турнир давомида илгари ҳеч бир ўзбекистонлик шахматчи ета олмаган юксак маррани забт этди. Халқаро манбаларга кўра, Синдоров турнирда мағлубиятсиз ўтди ва олти ғалаба қайд этди.
Давлат раҳбари энди Жавоҳир Синдоров олдида жаҳон тожи учун ҳал қилувчи ва шарафли беллашув турганини қайд этиб, бўлажак ўйинларда унга улкан омад, куч-ғайрат ва янги зафарлар тилади. Турнир ғолиби сифатида у амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражу билан ўйнайди.
Суҳбатда жорий йил Самарқанд шаҳрида ўтадиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида Синдоровнинг иштироки Ўзбекистон жамоасига катта руҳ ва ишонч бағишлаши ҳам қайд этилди.
Президент шахматчининг ота-онаси, яқинлари, устоз ва мураббийларини ҳам ушбу ғалаба билан табриклади.
Фишер давридан бери энг шов-шувли сенсация: шахмат афсоналари ва нашрлар Синдаров ҳақида