ТОШКЕНТ, 14 апр — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш кодексини ишлаб чиқиш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ҳозир соҳа 76 та қонун ва 400 дан ортиқ қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинади. Шу боис қонунчиликни ягона ҳужжатга жамлаш зарурлиги таъкидланди.
Кодексни ишлаб чиқиш стратегияси ва режаси тақдим қилиниб, ҳужжат лойиҳасини 2027 йил декабригача тайёрлаш кўзда тутилаётгани айтилди.
Кодекс қабул қилиниши соҳадаги такрорланувчи нормаларни қисқартириш, тиббиёт ходимларининг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш ва аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш тизимини тартибга солишга хизмат қилиши кутилмоқда.