Бепул тиббий кўриклар, тез ёрдам ва дори-дармон: президент янги таклифларни маъқуллади
09:35 21.01.2026 (янгиланди: 10:08 21.01.2026)

© Пресс-служба президента Узбекистана
Oбуна бўлиш
Янги тиббий ташаббуслар шошилинч ёрдам тизимини модернизация қилиш, касалликларни барвақт аниқлаш ва аҳоли ўртасида профилактик тадбирларни кучайтиришга қаратилган.
ТОШКЕНТ, 21 янв — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди ва таклифларни маъқуллади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Асосий йўналишлар қуйидагилар:
“Инфаркт ва инсультга қарши курашиш” миллий дастури:
1 майдан айрим ҳудудларда, 2027 йилдан барча ҳудудларда жорий этилади.
30 ёшдан ошган аҳоли орасида хавф гуруҳини аниқлаб, мақсадли тиббий текширувлар ўтказилади.
“Олтин соат” тамойили халқаро стандартлар асосида жорий қилинади.
Шошилинч тиббий ёрдамни кучайтириш
Тез ёрдам бригадалари телеметрик ЭКГ ва мониторли дефибрилляторлар билан таъминланади.
ЭКГ натижаларини сунъий интеллект орқали таҳлил қилиш ва реал вақтда узатиш йўлга қўйилади.
Стационар муассасаларда инсультни сунъий интеллект асосида ташхислаш имконияти яратилади.
Дори-дармон ва инфратузилма:
Шифохоналар тромб эритувчи дори воситалари ва зарур материаллар билан таъминланади.
Нодавлат тиббиёт ташкилотлари шошилинч хизматларга жалб қилинади, айрим хизматлар Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси орқали қопланади.
Рақамлаштириш:
“Электрон соғлиқни сақлаш” тизимида беморлар ва хавф гуруҳи аҳолининг электрон реестри юритилади.
“Қон маҳсулотлари электрон ҳисоби” ахборот тизими жорий этилади. Профилактика ва ахборот ишлари ОАВ, ижтимоий тармоқлар, билбордлар орқали тушунтириш ишлари олиб борилади.
Мактаблар, корхоналар ва маҳаллаларда семинар-тренинглар ўтказилади.
“FAST Heroes” дастури асосида ўқувчилар учун машғулотлар ташкил этилади.
Ҳар йили 29 сентябрь ва 29 октябрь кунлари бепул қон босими, қанд ва холестерин кўрсаткичларини ўлчаш тадбирлари ўтказилади.
Қон донорлиги:
Донациялар сони 1 миллионтагача, қон захираси 450 минг литргача оширилади.
Беғараз қон донорлари сони 900 минг нафарга етказилади.
Молиялаштиришга 2026 йилда — 239 млрд сўм, 2027 йилдан — 280 млрд сўм. 2026–2030 йилларда жами 1,75 триллион сўм ажратилади.
Онкология соҳаси:
Республика онкология маркази ва филиаллари учун 5,6 млн долларлик ускуналар;
қўшимча 10 млн доллар ҳисобидан лабораториялар харид қилинади.
Президент таклифларни маъқуллаб, тегишли қарорларни имзолади ва масъулларга топшириқлар берди.
