ТОШКЕНТ, 14 апр — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган видеоселектор йиғилишида қурилиш ва урбанизация соҳасидаги янги чора-тадбирлар муҳокама қилинмоқда. Унда студиялардан 500 дан зиёд девелопер, қурувчи, лойиҳачи, архитектор ва урбанист иштирок этди.
Йиғилишда сўнгги тўққиз йилда қурилиш соҳаси сезиларли кенгайгани қайд этилди. Шу даврда 10 мингга яқин янги қурилиш корхонаси иш бошлаган, айланмаси 1 триллион сўмдан ошган 20 та ва 100 миллиард сўмдан ўтган 365 та йирик компания пайдо бўлган.
Ўтган йилга келиб қурилиш ишлари ҳажми 314 триллион сўмга етган, соҳада ва унга ёндош тармоқларда 3,5 миллион аҳоли банд экани айтилди.
Шу билан бирга, соҳанинг кейинги ўсиши шаҳарсозлик ҳужжатларига боғлиқ экани таъкидланди. Мамлакат аҳолиси 38 миллиондан ошган, қарийб 20 миллион одам шаҳарларда яшамоқда.
Бош режаларни ишлаб чиқиш учун бюджетдан йилига 200–250 миллиард сўм ажратилаётгани, бу маблағлар эскирган ёки умуман бош режаси йўқ ҳудудларга йўналтирилиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Президент кичик шаҳарларда ҳам йирик лойиҳа қилмоқчи бўлган тадбиркорлар кўплигини, аммо шаҳарсозлик ҳужжатлари йўқлиги сабаб айрим ташаббуслар тўхтаб қолаётганини айтди.
Шу боис жорий йилда бюджет ҳисобидан 6 та шаҳар, 44 та шаҳарча ва 104 та қишлоқ бўйича бош ва мастер режаларни якунлаш, қўшимча равишда ташаббускор бизнес вакиллари билан яна 50 та аҳоли пункти учун шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқишни бошлаш топширилди.