ДХХ шубҳали қўнғироқлар ортидаги фирибгарлардан огоҳлантирди

Нотаниш чет эл рақамидан тушган қўнғироқ ортида маблағ, шахсий маълумот ва ҳатто овоз ёзувини қўлга киритишга қаратилган фирибгарлик туриши мумкин.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 апр — Sputnik. Ўзбекистонда фуқароларга хориждан бўлаётган шубҳали қўнғироқлар сони ортиб бормоқда. ДХХ мазкур усул орқали амалга оширилаётган фирибгарлик ҳолатларидан огоҳлантириб, улардан сақланиш юзасидан тавсиялар берди.
Идора маълумотига кўра, бундай қўнғироқлар одатий телефон тармоғи орқали эмас, балки интернет ва махсус дастурлар ёрдамида амалга оширилиши мумкин. Шу боис фирибгарлар ўз рақамини яшириб, экранда бошқа давлат рақамини кўрсатади.
Таъкидланишича, бундай қўнғироқларга жавоб бериш ёки уларга қайта қўнғироқ қилиш хавфли бўлиши мумкин.
Хусусан, телефон ҳисобидан маблағ ечилиши, банк карта маълумотларини қўлга киритишга уринишлар кузатилиши, шунингдек рақам “фаол” экани аниқланиб, кейинчалик фирибгарлик ҳужумлари кўпайиши ва овозингиздан сунъий интеллект ёрдамида сохталаштирилган ҳолда фойдаланилиши мумкин.
Фуқароларга нотаниш чет эл рақамларини блоклаш, уларга қайта алоқа қилмаслик ва шахсий ҳамда молиявий маълумотларни ҳеч кимга бермаслик тавсия этилди.
Ўзбекистондаги сохта “колл-марказ” россиялик кексалар пулини фирибгарлик билан ўзлаштирган