Ўзбекистонда олий таълим тизими такомиллаштирилади: 10 та университет мақоми ўзгаради

Янги тартиб университетларни рейтинг ва илмий самарадорлик асосида рағбатлантириш, иқтидорли хорижлик талабаларни эса грант ва янги қабул механизмлари орқали жалб этишни кўзлайди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 апр — Sputnik. Ўзбекистонда “U 10 – Ўзбекистоннинг глобал илғор университетлари” дастури жорий этилади. Унинг доирасида танловда ғолиб бўлган 10 та олий таълим ташкилотига миллий тадқиқот университети мақоми берилади.
Президент фармонига кўра, 2027 йил 1 январдан олий таълим муассасаларини миллий рейтинг натижалари асосида молиявий рағбатлантириш тизими йўлга қўйилади. Ҳар бир тоифадаги ОТМларнинг 20 фоизи 1-даражага, 40 фоиздан 2- ва 3-даражаларга киритилади.
Шунингдек, давлат гранти асосида ўқийдиган бир нафар талабани ўқитиш харажатларини ҳисоблашда бир қатор мезонлар инобатга олинади.
Улар орасида профессор-ўқитувчига тўғри келадиган талабалар сони, таълим йўналишининг мураккаблиги, моддий-техник база, кадрлар тайёрлашнинг устувор соҳаларга мослиги ва олийгоҳнинг илмий йўналтирилганлиги бор.
Фармон билан Олий таълимни ривожлантириш ва глобал ҳамкорлик маркази, шунингдек Рақамли таълим ва сунъий интеллектни ривожлантириш маркази ташкил этилади. Ёшларнинг инновацион ташаббусларини қўллаб-қувватлаш офиси ҳам иш бошлайди.
Бундан ташқари, ҳар йили 500 нафаргача иқтидорли чет эл фуқаросига грант ажратишни назарда тутувчи “Янги Ўзбекистон стипендияси” дастури амалга оширилади. 2026/2027 ўқув йилидан хорижий талабаларни “Study in Uzbekistan” платформаси орқали қабул қилиш йўлга қўйилади.
Шу билан бирга, таълим дастурини хорижий тилда якунлаган талабалар кейинги босқичга ҳужжат топширишда тил сертификатини тақдим этишдан озод этилади.
Меҳнат бозорига мос: олий таълимга оид янги низом тасдиқланди