ТОШКЕНТ, 13 апр — Sputnik. 2025 йил якунларига кўра “Очиқлик индекси”да Тошкент шаҳар ҳокимлиги энг паст кўрсаткич қайд этган идора бўлди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маълумотига кўра, ҳудудий миқёсда Андижон вилояти ҳам “қизил” тоифага киритилган.
ПФ-154-сон президент фармонига мувофиқ, давлат органлари ва ташкилотларида очиқлик бўйича амалга оширилган ишлар самарадорлиги 2022 йилдан буён ҳар йили “Очиқлик индекси” асосида баҳолаб келинмоқда.
2025 йил якунлари бўйича баҳолашда 97 та вазирлик, идора, муассаса ва маҳаллий давлат ҳокимияти органи қамраб олинди. Баҳолаш 84 та мезондан иборат 8 та индикатор асосида ўтказилди.
Якуний натижаларга кўра, 66 та давлат органи “яшил”, 22 таси “сариқ”, 9 таси эса “қизил” самарадорлик кўрсаткичини қайд этди.
Агентство по противодействию коррупции
© Foto : Агентство по противодействию коррупции
2022 йилдаги илк баҳолаш натижалари билан солиштирилганда, “яшил” тоифадагилар 3,5 баробарга кўпайган, “сариқ” тоифадагилар 2 баробарга, “қизил” тоифадагилар эса 3 баробарга камайган.
Очиқлик бўйича энг юқори самарадорлик кўрсаткичлари “Навоий кон-металлургия комбинати”, “Ўзбекгидроэнерго” ва “Ўзавтосаноат” АЖлар, Транспорт назорати инспекцияси, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ, Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги томонидан қайд этилди.
Республика даражасидаги ташкилотлар орасида эса Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ энг паст кўрсаткич қайд этди.