ТОШКЕНТ, 12 апр — Sputnik.Исломободда 21 соат давом этган музокаралар якунида АҚШ ва Эрон урушни тўхтатиш бўйича битимга эриша олмади. Икки ҳафталик сулҳ ҳозирча расман бекор қилингани йўқ, аммо томонлар ўртасидаги асосий ихтилофлар — ядро дастури, Ҳурмуз бўғози, санкциялар ва репарациялар — очиқ қолмоқда.
Музокаралардан кейин Вашингтон ҳам, Теҳрон ҳам натижасиз якунни ўзича изоҳлади. АҚШ буни Эроннинг Вашингтон шартларини қабул қилмагани билан боғласа, Эрон томони асосий тўсиқ сифатида АҚШнинг “юқори талаблари” ва ўзаро ишонч йўқлигини кўрсатди.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Исмоил Багаи музокараларда айрим йўналишлар бўйича яқинлашув бўлганини айтди, аммо ҳал қилувчи нуқталарда фарқ сақланиб қолганини тан олди:
“Биз бир қатор масалалар бўйича келишувга эришдик, аммо 2-3 та муҳим масала бўйича қарашлар бир-биридан узоқ эди.”
Багаи шу билан бирга бу мулоқотлар бошиданоқ осон кечмаслиги маълум бўлганини таъкидлади:
“Бу музокаралар ишончсизлик ва шубҳа муҳитида ўтказилди.”
АҚШ вице-президенти Жей Ди Венс эса анча кескин чиқиш қилди. У музокаралар тугаганини очиқ тан олиб, Вашингтоннинг асосий “қизил чизиғи” Эроннинг ядровий қуролдан воз кечиши бўлганини билдирди.
“Ёмон хабар шундаки, биз келишувга эриша олмадик,”- деди Венс
Венснинг энг қаттиқ гапларидан бири музокаралар натижасига баҳо беришда янгради:
“Менимча, бу Америка Қўшма Штатларига қараганда Эрон учун ёмонроқ хабар”- деди у.
У, шунингдек, Теҳронни бевосита айблади:
“Улар бизнинг шартларимизни қабул қилмасликка қарор қилишди.”
АҚШ президенти Доналд Трамп эса музокаралар натижасига нисбатан янада совуқроқ муносабат билдирди.
“Биз келишув тузамизми ёки йўқми, бу мен учун ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас... биз ғалаба қозондик,” - деди Трамп.
Ғарб оммавий ахборот воситалари ҳам музокараларнинг натижасиз тугаганини, аммо сулҳнинг ҳали бутунлай қулагани йўқлигини таъкидлади. Reuters музокараларга асосий тўсиқ сифатида ядро масаласи ва Ҳурмуз бўғози атрофидаги келишмовчиликларни кўрсатди. AP эса битим чиқмагани икки ҳафталик сулҳ тақдирини ноаниқ ҳолатда қолдирганини ёзди. Эронга яқин Fars агентлиги эса АҚШнинг “юқори талаблари”ни асосий муаммо деб атади.
Шу тариқа, Исломобод музокаралари урушни тўхтатиш бўйича сиёсий келишувга олиб келмади. Ҳозирча сулҳ формал жиҳатдан сақланиб турибди, аммо томонлар баёнотларидан кўриниб турибдики, музокаралардан кўра ўзаро босим ва кескин риторика ҳали кучлироқ.