ТОШКEНТ, 9 апр – Sputnik. Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси акцияларини бир вақтнинг ўзида икки майдон — Тошкент ва Лондон фонд биржаларида жойлаштиришга тайёрланмоқда. Бу ҳақда Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева маълум қилди.
IPO жараёнини жамғарманинг ишончли бошқарувчиси бўлган “Franklin Templeton” халқаро инвестиция компанияси мувофиқлаштирмоқда. Жамғарма сайтида қайд этилишича, UzNIFга 13 та давлат корхонасидаги миноритар улушлар берилган бўлиб, уларнинг қиймати тахминан 2,44 миллиард долларга баҳоланмоқда.
Мирзиёевага кўра, бу қадам хорижий инвесторлар учун аниқ ва кучли ишорадир. У Ўзбекистон глобал қоидалар асосида очиқ ва шаффоф ишлашга тайёр эканини кўрсатади.
Эслатиб ўтамиз, президентнинг тегишли қарорига кўра, 2026 йил якунига қадар Миллий инвестиция жамғармаси устав капиталидаги 30 фоизгача акциялар пакетининг халқаро ва маҳаллий фонд бозорларида бирламчи оммавий таклифи ўтказилиши режалаштирилган.