ШҲТда Ўзбекистон раислигида ядровий хавфсизлик масалалари муҳокама қилинди

Пекинда Ўзбекистон томони раислигида ўтган ШҲТ экспертлари йиғилишида ядровий хавфсизлик бўйича декларация лойиҳаси юзасидан фикр алмашилди.
Sputnik
ТОШКEНТ, 9 апр – Sputnik. Шанхай ҳамкорлик ташкилотида (ШҲТ) Ўзбекистон томони раислигида ташкилотга аъзо давлатлар экспертларининг ядровий хавфсизлик масалаларига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда ШҲТ матбуот хизмати хабар берди.

“2026 йилнинг 7-8 апрель кунлари Пекинда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Котибиятида Ўзбекистон томони раислигида гибрид форматда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг ядро хавфсизлиги йўлида кўп томонлама шерикликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги декларацияси лойиҳасини муҳокама қилишга бағишланган экспертлар йиғилиши бўлиб ўтди”, — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, томонлар ҳужжат лойиҳаси юзасидан мазмунли фикр алмашган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 1 сентябрда Тяньцзинда бўлиб ўтган ШҲТ саммитида Шавкат Мирзиёев ташкилот доирасида “ядро хавфсизлиги йўлида кўп томонлама шерикликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги декларация”ни қабул қилишни таклиф қилган эди.
Президент ушбу ҳужжат тинч атомни ривожлантириш, фавқулодда ҳолатларга жавоб бериш ва БМТ ҳомийлигидаги ядровий қуролни тарқатмаслик режимига ҳисса қўшиш учун асос бўлиши кераклигини таъкидлаган.
Шунингдек, 2026 йил январь ойида Ўзбекистон ва Хитой радиация ҳамда ядро хавфсизлиги соҳасида идоралараро меморандум имзолаган. Ҳужжат атом энергетикаси соҳасида регулятор инфратузилмани ривожлантириш, меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, кадрлар салоҳиятини ошириш ва умумий радиация ҳамда ядро хавфсизлигини таъминлаш каби йўналишларни қамраб олади.
Тошкентда МДҲ атом энергияси бўйича комиссия мажлиси: асосий баёнотлар