Олмалиқ КМКнинг Ангрендаги кон бошқармаси оқова сувларни дарёга оқизгани аниқланди

Корхонага 48 млрд сўм қўшимча компенсация белгиланиб, 20 банддан иборат мажбурий кўрсатма берилди.
Sputnik
ТОШКEНТ, 9 апр – Sputnik. Экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси Давлат экологик назорат инспекцияси томонидан Тошкент вилояти ҳудудида ўтказилган навбатдаги экологик назорат рейд тадбирларида “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ фаолиятида бир қатор экологик талаблар бузилгани аниқланди.
Қайд этилишича, рейд давомида корхона томонидан ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўлган хавфли тоифага кирувчи чиқиндилар ноқонуний равишда очиқ майдонларда сақланаётгани, бу эса ер ва ерости сувларига салбий таъсир кўрсатаётгани маълум бўлган.
Шунингдек, ОКМКнинг Ангрен шаҳрида жойлашган кон бошқармасида ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўлган оқова сувлар белгиланган тартибда самарали тозаланмагани аниқланган.
Тозалаш ускуналари эскиргани ва тозалаш самарадорлиги пастлиги сабабли ушбу сувлар чиқиндига айланиб, Ангрен дарёсига оқизиб келингани қайд этилган.
Мазкур қонунбузарликлар юзасидан корхонага нисбатан 48 миллиард сўм қўшимча компенсация белгиланди. Шунингдек, камчиликларни бартараф этиш бўйича 20 банддан иборат бажарилиши мажбурий кўрсатмалар берилди.
Экологияни бузганлар учун жарималар: қонун лойиҳаси қабул қилинди