ТОШКЕНТ, 8 апр — Sputnik. Ўзбекистон ва Беларусь 2026 йил май ойида россияликларнинг дам олиши учун яшаш ва парвозларнинг умумий қиймати бўйича энг арзон халқаро йўналишлардан бири бўлади. Бу ҳақда ТАСС “Яндекс Саёҳат” тадқиқоти маълумотларига таяниб хабар берди.
Тадқиқотга кўра, май байрамлари даврида Беларусда яшаш ва парвознинг умумий қиймати 23,5 минг рублни ташкил этган. Ўзбекистонга саёҳат 24,4 минг рубль, Қозоғистонга эса 28,7 минг рублга баҳоланган. Энг қиммат хорижий йўналишлар эса Қирғизистон — 41,4 минг рубль, Туркия — 42,8 минг рубль ва Хитой — 48,4 минг рубль бўлган.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилда мамлакатга туризм мақсадида 984,4 минг россиялик келган. 2026 йилнинг январь–февраль ойларида эса Россиядан 123 минг нафар сайёҳ ташриф буюрган.
Ўзбекистонга қизиқишнинг сақланиб қолаётгани транспорт жиҳатдан қулайлик билан ҳам изоҳланади. "Uzbekistan Airways" маълумотларида Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Урганч ва бошқа шаҳарлардан Москва, Санкт-Петербург, Қозон, Самара, Тюмень, Уфа, Екатеринбург ва Новосибирск каби Россия шаҳарларига парвоз йўналишлари кўрсатилган.
Ўзбекистон Туризм қўмитаси ҳам сўнгги йилларда виза тартиб-таомиллари соддалаштирилаётгани, транспорт ва меҳмонхона инфратузилмаси модернизация қилинаётгани, янги туристик йўналишлар яратилаётганини қайд этган.