Қурилишлар бўйича 24,4 млрд сўм фуқаролар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди

Рақобат қўмитаси квартирали уй-жойлар қурилиши билан боғлиқ муаммолар юзасидан келиб тушган мурожаатларнинг 1529 таси ёки 74,3 фоизи ижобий ҳал этган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 апр — Sputnik. Кўп квартирали уй-жойлар қурилиши билан боғлиқ мурожаатлар ўрганилиши натижасида 24,4 млрд сўм истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси маълумотига кўра, 2025 йил ҳамда 2026 йилнинг январь-февраль ойларида кўп квартирали уй-жойлар қурилиши билан боғлиқ муаммолар юзасидан жами 2057 та мурожаат келиб тушган.
Қўмита томонидан ушбу мурожаатларнинг 1529 таси ёки 74,3 фоизи ижобий ҳал этилган. Натижада қарийб 24,4 млрд сўм истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисобланган.

Хусусан, 2025 йил давомида 1700 тадан ортиқ мурожаат келиб тушган. Ўрганишлар давомида энг кўп муаммолар қурилиш сифати ва уйларни топшириш муддати билан боғлиқ экани аниқланган.

Жумладан, 708 та ҳолатда қурувчи корхоналар томонидан кўп қаватли уйларда қурилиш ишлари сифатсиз бажарилган. Яна 693 та мурожаатда уй-жойлар шартномада белгиланган муддатда топширилмагани қайд этилган.
Шунингдек, 278 та ҳолатда кўрсатилмаган хизмат учун ҳақ олингани, 27 та мурожаат эса қурилиш билан боғлиқ бошқа масалаларга тааллуқли экани маълум бўлди.
Жорий йилнинг январь-февраль ойларида эса кўп квартирали хонадонларни харид қилиш бўйича 350 тадан ортиқ мурожаат келиб тушган. Уларда ҳам фуқаролар асосан шу каби муаммоларга дуч келганини билдирган.
Рақобат қўмитаси: 22,1 млрд сўм уй харидорлари фойдасига қайта ҳисобланди