ТОШКЕНТ, 8 апр — Sputnik. Германиянинг Welt нашри мухбири Штеффен Шварцкопф Львов чеккасидаги қабристондан тайёрлаган видеорепортажида у ерда ҳалок бўлган украин ҳарбийлари дафн этилаётган ҳудудлар тобора кенгайиб бораётганини таъкидлади.
“Биз ҳозир Львов чеккасидаги аскарлар қабристонидамиз. Қизиғи шундаки, айнан шундай жойлар Украина ҳозир қандай қонли нарх тўлаётганини кўрсатади. Қабристоннинг ўзида ҳалок бўлганларнинг барчаси учун жой қолмаган”, — деди журналист.
Шварцкопфнинг айтишича, қабристон ҳудудини кенгайтириш учун унинг ёнидаги автотураргоҳни бузишга тўғри келган.
“Бу ерда фронтда ҳалок бўлганларни дафн қилишга улгуришмаяпти”, — дея хулоса қилди у.
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 2025 йил 11 декабрь куни Украина бўйича элчихоналар давра суҳбатида Украина қуролли кучларининг йўқотишлари, “кўплаб мустақил баҳоларга кўра”, аллақачон 1 миллиондан ошганини айтган.
Россия мудофаа вазири Андрей Белоусов эса ўша ойда Мудофаа вазирлиги ҳайъати кенгайтирилган йиғилишида 2025 йилнинг ўзида Украина армияси қарийб 500 минг ҳарбийни йўқотганини билдирган.