Россия бош прокурори Ўзбекистонга ташриф буюрди — янги ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда

Ташриф доирасида Ўзбекистон ва Россия прокуратуралари ўртасида ҳамкорлик дастурини имзолаш режалаштирилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 апр — Sputnik. Россия бош прокурори Александр Гуцан амалий ташриф билан Ўзбекистонга келди. Бу хақда Россия Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.
Тошкентда ташриф доирасида Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев билан 2027–2028 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини имзолаш режалаштирилган.
Тошкент аэропортида Гуцанни Йўлдошев ва Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Алексей Ерхов кутиб олди.

Таъкидланишича, янги дастур ахборот жиноятлари ва рақамли валютадан ноқонуний фойдаланишга қарши курашиш, транспорт ва божхона соҳасида қонунлар ижроси, шунингдек, жиноий жазоларни ижро этишнинг қонунийлиги устидан прокурор назорати бўйича илғор тажриба алмашишни назарда тутади.

Бундан ташқари, томонлар халқаро-ҳуқуқий ҳамкорлик жараёнларини рақамлаштириш тажрибаси билан ҳам ўртоқлашиши кутилмоқда.
Бу икки давлат прокуратура идоралари ўртасидаги 2014 йил 8 октябрда имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги битим доирасидаги навбатдаги дастур бўлади.
Аввалги дастурлар 2019–2020, 2021–2023 ва 2024–2025 йилларга мўлжалланган эди. Хусусан, 2024–2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури 2024 йил апрелида Москвада Ўзбекистон ва Россия бош прокурорлари учрашуви якунлари бўйича имзоланган.
Бундан олдин, 7 апрель куни Александр Гуцан Астана шаҳрида Қозоғистон бош прокурори Берик Асилов билан учрашиб, икки идора ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги келишувга иккинчи ва учинчи қўшимча протоколларни имзолаган эди.
МДҲ прокуратуралари ноқонуний миграцияга қарши кураш бўйича битим имзолади