ТОШКЕНТ, 8 апр — Sputnik. Ўзбекистоннинг ялпи олтин-валюта захиралари 2026 йилнинг январь-март ойларида ўтган йил декабрь ойига нисбатан 4 фоизга ошиб, 68,99 млрд долларни ташкил этди. Бу ҳақда Марказий банкнинг расмий маълумотларида келтирилган.
Марказий банк маълумотларига кўра, захиралар таркибида асосий улушни монетар олтин ташкил этган. Унинг қиймати уч ой ичида 10,4 фоизга ошиб, 60,85 млрд долларга етган. Айни пайтда хорижий валютадаги активлар 1,4 баробарга камайиб, 7,57 млрд долларни ташкил этган.
Шу билан бирга, монетар олтиннинг жисмоний ҳажми ҳам ошган. Хусусан, уч ой давомида бу кўрсаткич 12,6 млн троя унциясидан 13,4 млн троя унциясига (тахминан 392 тоннадан 417 тоннагача) етган.
Шу жиҳатдан қаралганда, захиралар ўсиши асосан валюта активлари эмас, айнан олтин ҳиссасига таъминлангани кўринади. Ҳисоб-китобларга кўра, апрель бошига келиб Ўзбекистон захираларининг қарийб 88,2 фоизи монетар олтин ҳиссасига тўғри келган.
Шу билан бирга, йил бошида захиралар ўсиб борган: 1 февраль ҳолатига 75,08 млрд доллар, 1 март ҳолатига 77,08 млрд доллар бўлган. Бироқ 1 апрель ҳолатига келиб бу кўрсаткич 68,99 млрд долларга тушди.