ТОШКЕНТ, 6 апр — Sputnik. Ўзбекистонда махсус техник вазифаларни бажаришга ихтисослашган AVION авиакомпанияси ташкил этилди.
У "Ўзаэронавигация" маркази томонидан йўлга қўйилди. Марказ ҳаво кемаси эксплуатанти сертификатини олиб, янги фаолият йўналишини очди.
Янги авиакомпания аэродромларнинг радиотехника воситалари ва ёруғлик-сигнал ускуналарини текшириш ҳамда калибровка қилишга ихтисослашган.
Лойиҳанинг асосини аэронавигация тизимларининг ICAO талаб ва стандартларига мувофиқлигини баҳолаш учун мўлжалланган замонавий самолёт-лаборатория ташкил этади.
Транспорт вазирлигига кўра, бундай ички провайдернинг ишга туширилиши асосий текширувларни ўз ресурслари ҳисобидан тезроқ ва аниқроқ бажариш, шунингдек, мустақил назоратни кучайтириш имконини беради. Бу эса парвозлар хавфсизлиги учун муҳим аҳамиятга эга.
Эслатиб ўтамиз, "Ўзаэронавигация" самолёт-лабораторияси 2025 йил август ойида Тошкент аэродроми устида навигация ва қўниш тизимларини режали текшириш ишларини ҳам олиб борган эди. Янги босқич эса бу хизматларни алоҳида ихтисослашган авиакомпания форматида йўлга қўйишни англатади.